Кеча, 2 июль оқшомида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг яқин ҳамкори, Россия Давлат Думаси депутати ҳамда Росгвардиянинг чечен бўлинмаси бошлиғи Адам Делимхонов билан Instagram'да жонли эфирга чиқди ва ўзининг аҳволи яхши эканини билдирди.
Кадрларда Қодиров ва Делимхоновнинг ошхонада чой ичаётгани акс этган.
“Ит ҳурар, карвон ўтар. Биз яшаяпмиз, секин яшаяпмиз, нон чайнаяпмиз. Ҳаёт қизиқ, умр қисқа бўлса, у янада қизиқ бўлади. Шунинг учун ҳам биз узоқ яшашни хоҳламаймиз. Биз қисқа, аммо муносиб яшаймиз”, деган Чеченистон раҳбари.
Делимхонов эса сана ва вақт кўриниб турган телефон экранини кўрсатган. Унда 2 июль соат 20:47 эканини кўриш мумкин.
“Бундан кейин ҳам биз белгиланган вазифаларни бажаришда давом этамиз. Ва биз барча шайтон ва ғийбатчиларга айтмоқчимиз: Аҳмад – кучдир”, деган депутат.
Видео Telegram каналларида Қодировнинг соғлиғида жиддий муаммолар борлиги ва Делимхоновнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалаётган пайтда эълон қилинган.
Маълумот учун, Делимхонов охирги марта 14 июнь куни омма олдида кўриниш берган. Шу куни депутат Запорожье вилоятининг Приморск шаҳрида отишма пайтида ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. “Звезда” телеканали Давлат Думасига таяниб, Делимхонов яраланган, аммо тирик экани ҳақида хабар берган. Дума Мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов ва қуйи палата спикери Вячеслав Володин буни рад этиб, Делимхоновнинг “тирик ва соғ-саломат” эканини айтган. Аҳмад махсус кучлари қўмондони Апти Алаудинов Делимхоновнинг жароҳати ҳақидаги хабарларни сохта деб атаган ва депутат жанговар зонада эмас, балки Чеченистонда эканини айтган. Шундан сўнг Қодиров парламент аъзоси билан сурат ва видеони эълон қилиб, унинг “тирик ва соғ-саломат эканини, ҳатто, жароҳати ҳам йўқлигини” айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Рамзан Қодировнинг ҳам ўлим тўшагида экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бунга унинг Қурбон Ҳайити муносабати билан халқини табрикламагани ва Владимир Путиннинг Шимолий Кавказ республикалари раҳбарлари билан ўтказган конференциясида қатнашмагани сабаб бўлган эди.
Манба: www.qalampir.uz
Тасодифий хабарлар
АҚШда Трамп тарафдорлари Конгрессга ҳужум қилиб тартибсизликлар уюштирди, тўрт киши ҳалок бўлди
Наманганда фоизга пул бериб, товламачилик билан шуғулланган шахслар ушланди
“Геноцидга томошабинмиз ва ҳеч нарса қилолмаяпмиз”. БМТ амалдори Фаластин учун истеъфога чиқди
Сергелидаги фожиада вафот этган боланинг оиласига давлат ёрдам берадими?
Россия энди қуролларни аввалгидек кўпайтира олмайди – Байден