ЖССТ Ҳиндистоннинг яна бир дорисидан огоҳлантирди

ЖССТ Ҳиндистоннинг яна бир дорисидан огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистоннинг “Galentic Pharma Pvt. Ltd.” компанияси ишлаб чиқарган офтальмологияда қўлланиладиган “Тетрациклин гидрохлориди USP 1%” суртма дори препарати турли мамлакатларга ҳар хил маркировка ёрлиғи остида етказиб берилгани, шунингдек, баъзи партияларда бир қатор сифат муаммолари борлигини маълум қилди. Мазкур дори препаратини эҳтиёткорлик юзасидан қўлламасликни тавсия этди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг маълум қилишича, “Тетрациклин гидрохлориди USP 1%” дори препарати Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган.

Ушбу дори воситаси одатда қўз қизарганда, шишганда, қичишиш каби аллергик белгилар кузатилган, бактериал конъюнктивит (кўзнинг ёшланиши, қизариши ва қичиши), бактериал кератит (кўз шох пардасининг яллиғланиши ва трахома) ҳолатларида тавсия қилинади. У айниқса, янги туғилган чақалоқларга профилактика чораси сифатида қўлланилади.  

ЖССТга кўра, маҳсулотнинг бешта халқаро харидори ўзида мавжуд бўлган захира намуналарини мустақил равишда визуал текширган ва ушбу огоҳлантиришда кўрсатилган дори воситаси сифатига тегишли бир қатор муаммоларни аниқлаган. Масалан, ранги, ўлчами ва зарралари, қопқоқда ва ҳар бир найча ичидаги малҳамда шакли ўзгарган, найнинг ички фолга қатламида қора ва жигарранг доғлар мавжуд бўлган. Бу каби муаммолар турли партия намуналарида ҳар хил кўринишда бўлган.

Ишлаб чиқарувчи бир нечта партияларни ихтиёрий равишда қайтариб олишни бошлаган. 

 Ҳозирги вақтда “Тетрациклин гидрохлориди USP 1%”нинг зарарланган партияларидан бирон бир ножўя таъсирлар ҳақида аниқ далиллар йўқ. Кўзларнинг қизариши ва шишиши тетрациклин кўз малҳамидан умумий фойдаланишда тез-тез учрайдиган реакциялардир. Юқорида айтиб ўтилган сифат муаммолари маҳсулот ёрлиғида кўрсатилмаган нохуш ҳодисаларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Маълумотларга кўра, камида 55 мамлакат зарарланган партияларни қабул қилган. 

ЖССТ ушбу маҳсулотнинг зарарланган партиялари таъсир кўрсатиши мумкин бўлган мамлакатлар ва минтақаларнинг таъминот занжирларида кузатув ва назоратни кучайтиришни талаб қилади. Норасмий/тартибга солинмаган бозор устидан назоратни кучайтириш ҳам тавсия этилади.

Миллий тартибга солиш/соғлиқни сақлаш органларига маҳсулотнинг зарарланган партияларидан бирортаси мамлакатда аниқланган тақдирда дарҳол ЖССТни хабардор қилиш тавсия этилади.


Теглар:
×