Ҳафта охирида водий вилоятларидаги АГТКШларнинг босқичма-босқич фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, кўрилаётган чоралар натижасида ҳафта охирларига бориб водий вилоятларидаги газ қувурларида табиий газ босимининг кўтарилиб бориши кутилмоқда.
Шу боис маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) газ босимининг кўтарилишига қараб, уларнинг фаолияти босқичма-босқич тикланиши режалаштирилган.
«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, газ босими пасайган кунларда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари (иссиқлик электр станциялар, шифохоналар, мактабгача ва мактаб ҳамда олий таълим муассасалари ва бошқалар)ни электр энергияси ва табиий газ билан бир маромда таъминлаш зарур ҳисоблангани сабабли АГТКШлар фаолиятига мажбурий чекловлар киритилган», дейилади хабарда.
Қувурларда газ босимини бир меъёрга келтириш ва ушбу меъёрни сақлаб туриш учун АГТКШлар қисқа вақт оралиғида режа-график асосида фаолият юритиб боради.Эслатиб ўтамиз, декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳарнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди — коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмади. «Ўзтрансгаз» январь ўрталарида об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Наманган вилоятида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига беш баробар кўпроқ газ етказилишини айтганди. Қайд этилишича, бир ҳафта ичида метан ёнилғи қуйиш шохобчалари кунига ҳозирги 1 миллион ўрнига 5 миллион кубометр газ олади. Умуман олганда, саноат ва хизмат кўрсатишни тиклаш учун республика бўйича кунига 80 миллион куб метр газ ва 126 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.
Тасодифий хабарлар
Дунё IT бозори тенденциялари
Фожиа! Наманганлик эркак укаси учун ўч олди
Ўзбекистонда энг арзон ва энг қиммат ош қаерларда сотилмоқда?
Тошкент шаҳрининг коммунал соҳасини ривожлантириш учун хорижий инвесторлар жалб этилади
Россия-Укриана урушига аёллар аралашди. Туркия биринчи хоними бутун дунёга мурожаат қилди