Француз журнали Туркиядаги даҳшатли фожиа устидан мазах қилди

Француз журнали Туркиядаги даҳшатли фожиа устидан мазах қилди

Франциянинг “Charlie Hebdo” ҳажвий журнали Туркиядаги фожиавий зилзила ва унинг оқибатларини мазах қилиб чиқди. Журналнинг янги сони муқовасидан ўрин олган карикатура “Туркиядаги зилзила” деб ном олиб, унда мамлакатдаги вайрон бўлган уйлар ва ағдарилиб кетган автомобиллар акс этган. Сурат остига эса “Энди танк жўнатишга ҳожат йўқ” деб ёзилган. Сурат нашрнинг Twitter’даги саҳифасида тарқатилди. 

Шу билан бирга, “Charlie Hebdo” карикатурани “кун сурати” деб атади, бу эса ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг кескин муносабатига сабаб бўлди. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида магнитудаси етти баллдан ортиқ (маҳаллий вақт билан соат 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) кучли икки зилзила содир бўлди. Туркия жануби-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 3,5 минг кишидан ошди. 

Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга ҳилпиратилди. 

Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Греция Кипр ва Ироқда ҳам сезилди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Суриянинг Идлиб, Ҳалаб, Хама, Латакия ва Раққа вилоятларида 1,6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Маълумот учун, “Charlie Hebdo” – Француз адабий ва бадиий ҳафталик сиёсий сатира журнали бўлиб, ҳафтанинг чоршанба кунлари нашр этилади. Ноконформистик характердаги карикатуралар, репортажлар, мунозаралар ва латифаларни нашр этади. Чап ва дунёвий позицияларни эгаллаб, сиёсатчиларни, ўта ўнг, ислом ва насронийликни масхара қилади.


×