Камёб ҳодиса. Ҳасанбой Дўсматовга финалда укаси рақиб бўлади

Камёб ҳодиса. Ҳасанбой Дўсматовга финалда укаси рақиб бўлади

12 декабрь куни бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг яримфинал жанглари ўтказилиб, финал олдидан боксда камдан-кам учрайдиган ҳолат юзага келди. Мусобақанинг 51 килограмм вазнида баҳс олиб бораётган Ҳасанбой Дўсматов яримфиналда фарғоналик Абдумажид Манноповни мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ушбу вазннинг бошқа яримфиналида эса Дўсматовнинг укаси Фарёзбек финал йўлланмасига эга чиқди.

Икки ака-ука Дўсматовлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионлиги учун 51 кило вазнда бўладиган финал жанги юз бермайдиган кўринади. 

Бу ҳақда Ҳасанбой Дўсматов яримфинал жангидан кейин журналистларга берган интервьюсида таъкидлади. 

«Ўн биринчи ёки ўн иккинчи марта Ўзбекистон чемпионатида қатнашишим. Укам Фарёзбек эса ҳали ёш. Уни қўллаб-қувватлаш, боксдаги кейинги фаолиятига далда ва руҳий қувват бағишлаш учун кумуш медаль билан кифояланмоқчиман», – дея Ҳасанбойнинг сўзларидан иқтибос келтирган ЎзА.

Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг финал жанглари 14 декабрь куни бўлиб ўтади.


×