Бугун мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда ўтказилаётган байрам тадбирларида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари 9 май куни ушбу шонли сана муносабати билан барпо этилган Ғалаба боғига ташриф буюрди.



Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган. Лекин бу жасоратни бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуа йўқ эди. Ўтган йили Президентимиз улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурган эди.
Шундан сўнг, илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида бадиий-меъморий концепция ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектардан зиёд жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат. Биринчисида ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги республикамиз ҳаёти акс этган.
Президентимиз дастлаб «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.


Бу ёдгорлик қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа – мўътабар она ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган, бошқа турмуш қурмаган.
Ўтган йилги Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади. Шу мавзуда мақолалар, шеърлар ва бадиий фильм яратилди.
Бугун Ғалаба боғининг марказида ушбу муаззам обида қад ростлаб турибди.
– Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади.




Тасодифий хабарлар
Ҳокимлик Ғаниев Қува тумани ҳокимига танбеҳ бермаганини ва ҳеч қайси селекторда блогер ҳақида гапирмаганини маълум қилди
"TikTok"нинг ёшлар соғлиғига таъсири борми?
Бухорода 12 ёшли қиз ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланди
Ўзбекистон Россия вакцинасини қачон сотиб олади?
Биткоин нархи кескин тушиб кетди