Метродаги текширув вақтида сумкасида бомба борлигини айтган қиз 5 суткага қамалди

Метродаги текширув вақтида сумкасида бомба борлигини айтган қиз 5 суткага қамалди

Тошкент метросининг «Алишер Навоий» бекатида ИИО ходимларига сумкасини текширтираётган 19 ёшли қиз унинг ичида бомба борлигини айтган. Сумкани кўздан кечириш чоғида ундан портловчи мослама топилмаган. Суд ёлғон маълумот бергани учун қизга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.


Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 22 октябрь куни 19 ёшли қиз Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими сумкасини текшираётган пайтда унинг ичида бомба борлигини айтган. Бу ҳақда Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси маълум қилди.

2003 йилда туғилган қиз автоматик ўтказиш пунктида ўз хизмат вазифаларини бажараётган ходим томонидан тўхтатилган. Н.С. исмли қиздан Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими сумкани кўрсатишни сўраганида қиз сумкасида бомба борлигини айтган.

Кўрсатмага кўра, ходимлар зудлик билан яқин атрофдаги ҳудудни ўраб олган ва воқеа ҳақида навбатчилик бўлимига хабар берилган. Шундан сўнг, воқеа жойига Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган. Қиз ҳам вақтинча ҳибсга олинган.

Сумкани кўздан кечириш чоғида ундан портловчи мослама топилмаган. Шундан сўнг далолатнома тузилган. Ходим қиздан нима учун сумкасида бомба борлигини айтганини сўраганида Н.С. унинг кайфияти яхши бўлгани ва шу тарзда ҳазил қилишга қарор қилганини айтган. Қиз пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани 3-ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Хасан Хайдаровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг қарори билан Н.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 199-моддаси (Махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда БҲМнинг 1 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

×