Журналистларга босим ўтказган ИИБнинг икки мансабдори жазога тортилади — Бош прокуратура

Журналистларга босим ўтказган ИИБнинг икки мансабдори жазога тортилади — Бош прокуратура

Апрель ойи охири ва майнинг бошида Human.uz сайти журналистлари кетма-кет ички ишлар органлари ходимларининг босим ва тазйиқларига учрагани хабари берилганди.

Аввалига сайт бош муҳаррири Хуршид Далиев тадбиркорнинг интенсив боғи атрофига ўрнатилган тўсиқ суд қарорисиз, мутасаддилар буйруғи билан бузилаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш  чоғида Тошкент тумани ИИБ мансабдорларининг босимига дуч келади.

Айни воқелик ҳали совуб улгурмай, мазкур сайт ходимлари «Сардоба» тўғони ўпирилиши оқибатида эвакуация қилинган аҳоли ҳақида репортаж тайёрлаётгани жараёнида Гулистон шаҳар ИИБ ходимларининг тазйиқига учрайди.

Бугун Бош прокуратура матбуот хизмати ҳар икки ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида маълум қилди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га айтишича, Тошкент туманида рўй берган ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ўтказган хизмат текшируви хулосасига кўра Тошкент туман 10-сонли ИИБ бошлиғи Ё.Комилов интизомий жазога тортилиши кўриб чиқилиши белгиланди.

Гулистонда юз берган иккинчи ҳолат юзасидан ҳам хизмат текшируви ўтказилган. Унинг натижасига кўра Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ бошлиғи Ж.Шодмонқуловнинг хатти-ҳаракатлари ички ишлар органларининг  интизомий кенгашида кўриб чиқиладиган бўлди.

Бундан ташқари ўтказилган ҳар икки хизмат текшируви хулосаси билан ички ишлар органлари ходимлари томонидан бу каби ҳолатларга келгусида йўл қўймаслиги бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилангани алоҳида қайд этилади Бош прокуратура жавобида.

ИИБ мансабдорига қандай интизоми жазо қўллангани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов баёнот берар балки?!

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, Х.Далиев билан Тошкент туманида юз берган воқеликдан саноқли кунлар ўтиб, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИББ ахборот хизматлари қўшма баёнот бериб, журналистга босим ўтказилганини астойдил инкор қилишган эди. Бош прокуратура маълумотлари эса, кўриб турганингиздек, уларнинг инкорини бир зарб билан йўққа чиқармоқда. Воқеалар ривожининг айни нуқтаси ҳам жиддий эътибор талаб қилади. Зеро, вазиятни хаспўштлаш ёлғон ахборот тарқатиш билан баробар. Бу эса яхшигина ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаришига таъкид шарт бўлмаса керак.

Эслатиб ўтамиз, кейинги пайтларда оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан тез-тез турли шаклдаги босим, тазйиқ, ҳатто очиқдан очиқ ҳужумлар ҳам бўлмоқда.

Охирги қирқ кун давомида юқоридаги икки ҳолатдан ташқари Фарғонада журналист Шарифа Мадраҳимова Учкўприк тумани ҳокимлиги вакили ва туман ИИБ ходимининг босимига дуч келди (бунинг натижасида ҳокимлик ходими ишдан кетди). Кўп ўтмай яна Фарғона  «Effect.uz» сайти ходимлари номаълум шахслар ҳужумига учради. Ҳозирда ҳужум қилганларнинг шахси аниқланиб, уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

×