Мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича давлат божини тўлаш ва қайтариш тартиби

Мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича давлат божини тўлаш ва қайтариш тартиби

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланади.

Маъмурий ишлар манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, давлат органлари ва бошқа шахсларнинг юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзғатади.

Маъмурий судлар томонидан ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш йил сайин ортиб бормоқда, низоларни кўришда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига кўра, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда давлат божи тўлади.

Давлат божи – суд ҳаражати ҳисобланиб, суд ҳаражатлари давлат божи ва суд чиқимларидан иборат. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида давлат божини тўлаш асослари, миқдори ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби белгиланган.

Суд чиқимлари эса суд хабарномалари ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, суд тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни жойида кўздан кечириш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлардан, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборатдир.

Давлат божини қайтариш суд хужжати асосида амалга оширилади. Суд ҳужжатида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.

Давлат божи тўланган, лекин судга келиб тушмаган ёки ушбу суд қайтарган аризалар (шикоятлар), апелляция, кассация шикоятларига доир давлат божлари ҳамда божни тўлиқ ёки қисман қайтариш назарда тутиладиган суд ҳужжатларига доир суд томонидан берилган маълумотномага асосан қайтарилади.

Суд чиқимларидан бири ҳисобланган почта харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланади, бироқ бу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисмидан ошмаслиги керак.

Почта ҳаражати билан давлат божи бир-бир биридан фарқ қилади. Почта ҳаражати қачонки, аризачи янглишиб тўлаган тақдирда ёки судга ариза билан мурожаат қилмоқчи бўлган, лекин мурожаат қилишдан воз кечган, яъни судга аризаси келиб тушмаган тақдирдагина суднинг маълумотномаси асосида қайтариб берилса, давлат божини қайтариш тартиби ундан кескин фарқ қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасида давлат божини қайтариш тартиби белгиланган.

Хусусан, маъмурий судларда давлат божи: қонунчиликда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланганида; суд аризани ёки шикоятни қайтарганда ёки қабул қилишни рад этганда; апелляция, кассация шикояти қайтарилганда ёки уни қабул қилиш рад этилганда; давлат божи тўланган ариза, шикоят ёки апелляция, кассация шикояти судга келиб тушмаганда; агар иш судга тааллуқли бўлмаса, ишни юритиш тугатилганда; ариза кўрмасдан қолдирилганда, агар у муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; суднинг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда; ишда иштирок этган шахс вафот этганида, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса; агар ишда иштирок этаётган юридик шахс тугатилган бўлса қайтарилади.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса қайтариш учун асос ҳисобланади ва бундай ҳолларда ариза ва тўланган давлат божи тўлиқ қайтариб берилади, бироқ агар суд муҳокама жараёнида ариза (шикоят) имзоланмаганлигини ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлик ҳолатини аниқлаган тақдирда бундай ҳолатда ариза кўрмасдан қолдирилади ва давлат божи қайтарилмайди.

Бундан ташқари, қонунда агар ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса, суд аризани кўрмасдан қолдирганда давлат божини қайтариш кўрсатилган, бироқ, маъмурий судларда аризани кўрмасдан қолдириш асосларида ушбу ҳолат акс этмаган, фақатгина Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасида ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда муомалага лаёқатсиз шахсга вакил тайингангунига қадар иш юритиш тўхтатилади. Ариза муомолага лаёқатсиз шахс томонидан берилган тақдирда-чи? Бундай ҳолларда аризани кўрмасдан қолдириш ёки тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса, аризани кўрмасдан қолдириш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунинг 18-моддаси биринчи қисмининг 6-бандида ариза кўрмасдан қолдирилганда, агар у муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса давлат божини қайтаришга асос бўлиши кўрсатилган.

Давлат божи суммаларини қайтариш тўловчининг ёзма аризасига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорлари асосида амалга оширилади. Давлат божи суммасини қайтариш учун аризачи давлат божини ундирган тегишли давлат органига ёки ташкилотга мурожаат қилиши керак. Давлат божини ундирган давлат органи ёки ташкилотнинг раҳбари уни қайтариш қонунийлигини тасдиқлаган тақдирда, давлат органи ёки ташкилот ва давлат божининг бошқа олувчилари илгари ўз ҳисобварақларига ўтказилган давлат божи суммаларининг тегишли қисмларини тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан эътиборан беш кун ичида ёки суд ҳужжатлари асосида қайтаради. Ўз навбатида давлат органи ёки ташкилот қайтарилиши лозим бўлган, илгари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилган давлат божи суммасининг бир қисмини қайтариш тўғрисида давлат солиқ хизмати органига ёзма шаклда хабар юборади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилган давлат божини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан давлат органи ёки ташкилотнинг тегишли хабарномаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади. Давлат божини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда солиқ органи давлат божини тўловчига қайтаришни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Ғазначилигига қайтариш тўғрисида тегишли топшириқнома юборади.

Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан ариза ёки шикоят берганлик учун давлат божини тўлаш ва қайтариш тартибини такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифларни келтириб ўтмоқчиман.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасини қуйидаги таҳрирдаги қўшимча билан тўлдиришни:

18-модда. Давлат божини қайтариш тартиби

Давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак:

71) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси,                     исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса ариза кўрмасдан қолдирилганда.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра, ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса судья аризани қайтариш билан бир вақтда тўланган давлат божини ҳам қайтаради, агар ариза иш юритувига олиниб, аризани суд муҳокамасида кўриш жараёнида аризани имзоланмаганлигини ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлигини аниқланса эса аризани кўрмасдан қолдиради.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 107-моддасига кўра, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин аризачи судга ариза (шикоят) билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Наманган вилояти Наманган туманлараро
маъмурий судининг судьяси Нозимахон Тожиева

×