Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июн куни қишлоқ хўжалигига оид масалалар юзасидан ўтказилган селектор сўнгида автомобиллар ойналарини қорайтириш масаласига тўхталиб ўтди.
“Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз, бу – энг аввало инсон қадри учун.
Шу боис, халқимизга қандай енгилликлар берсак, у биздан рози бўлади, деган савол барча раҳбарларни ҳар куни, ҳар дақиқа ўйлантириши керак.
Ҳар гал жойларга чиққанимда оддий-оддий одамлар билан учрашиб, муаммоларини эшитаман, яна қанча аҳолимизда шундай муаммолар борлиги ҳақида ўйлайман ва унга ечим қидираман.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалардан ҳам хабардорман.
Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган.
Шу боис, бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим”, дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 1 июлдан бошлаб:
- автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади;
- олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади;
- ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади.
Шунингдек, эндиликда 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
“Бу ҳали бошланиши. Мен президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича Ишчи гуруҳи барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти.
Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади”, деди президент йиғилиш якунида.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда (1 июлгача) Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:
- орқа ён ойналар – йилига 5 БҲМ (1 млн 500 минг сўм);
- барча ён ойналар – йилига 50 БҲМ (15 млн сўм).
Воқеа тарихиhttps://www.youtube.com/embed/6F8b-RDDgI0
Ўзбекистонда 2018 йили автомобиль ойнасини қорайтиришга рухсат берилганди, муайян тўлов эвазига бериладиган рухсатнома фақатгина 1 йил амал қилади. Белгиланган тўлов миқдорининг юқори экани кўп марта танқид қилинган, ҳаттоки жамоатчилик бунга фаол қаршилик билдирган, бироқ “Mening fikrim” порталига жойлаштирилган петиция 10 мингдан ортиқ овоз тўплаган бўлса-да, негадир кўриб чиқилмаганди.
2019 йили тонировка учун жарима миқдори бирданига аввалгисига нисбатан кескин оширилди. ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров бу ўзгаришга изоҳ бераркан: “Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин”, деб жавоб берган, мулозимнинг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан истеҳзо билан қарши олинганди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз «тонировка» қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 7,5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари — 12 млн миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳайдовчилар бир неча ойдан буён ҳайдовчилар #Тонировка_жиноят_эмас ҳештегли кампания бошлашган. 1 июлдан автомобил ойналарини қорайтириш текин бўлиши ҳақида миш-миш тарқалган, лекин ИИВ матбуот котиби бундан бехабарлигини айтганди.
Аввалроқ Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов “тонировка” тўловининг бекор қилинишини “инсон қадрининг бир кўриниши” деб таъкидлаган, унинг бу сўзлари ҳайдовчилар учун умидли янграганди.
Йилдан йилга жазирама тафти кучайиб бораётгани, 40–50 даража иссиқда қорайтирилган ойналар ҳузур-ҳаловат эмас, ҳаётий эҳтиёж ҳисобланиши бот-бот такрорланмоқда. Интернет фойдаланувчилари давлат ва ҳукумат масъулларига мурожаат қилиб, фуқароларнинг талабларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.
Бир неча кун муқаддам Kun.uz блогер Шавкат Ҳасаннинг видеомурожаати ҳақида ёзган эди. У машинасининг орқа ён ойналарига ёпиштирилган тонировка муддати 1 ҳафта олдин тугаганини ЙПХ ходими тўхтатганида билган, шундан сўнг 7,5 млн сўмлик жарима миқдори ойнани қасддан ноқонуний қорайтирган фуқароларга ҳам, рухсатнома муддати ўтган фуқароларга ҳам бирдек баравар эканидан норози эканини айтганди.
Апрел ойидаги матбуот анжуманида ИИВ мулозими Kun.uz саволига жавобан тонировка масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.
Manba: Kun.Uz
Тасодифий хабарлар
Йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаган тадбиркорга жариманинг қанча қисми берилиши аниқ бўлди
Намангандан Фарғонага олиб кетилаётган 220 кг яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди
Илиқ об-ҳаво сақланиб туради — «Ўзгидромет»
Ижтимоий тармоқнинг илк фойдаланувчилари - кимлар?
«Янги Ўзбекистондаги эски Ўзбекистонга "ғалаба" муборак!» — Расул Кушербаев "UzAuto Motors"нинг судда ютиб чиққани ҳақида