Ўзбекистонда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва унга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. Ушбу жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси аллақачон тайёр бўлган ва жорий йил охиригача қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров кеча, 10 ноябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида “Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади” мавзусида ўтган анжуманда QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилди.
“Мен сизга шуни хабар қилиб айтмоқчиманки, бугун ўша қонун лойиҳаси тайёрланди. Биз кеча дастлабки босқичда бир гуруҳ журналистлар иштирокида қонун лойиҳасини муҳокама ҳам қилдик. Қонун лойиҳасида жуда жиддий нормалар ва қоидалар белгиланди. Бир нечта ҳолат бўйича жавобгарлик аниқ. Мен ўйлайманки, бу тез кунларда мамлакат қонунчилик тизимига киритилади ва йил якунигача сиз айтган қонун қабул қилинади”, дейди уюшма раиси Олимжон Ўсаров.
Уюшма раиси сўзида давом этаркан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 ноябрь куни инаугурация маросимида ҳам журналистларга нисбатан босим ва тазйиқларга тўхталиб ўтганини эслади.
“Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади”, деган эди Президент ўз нутқида.
Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Шунга қарамай, журналист ва тасвирчиларга нисбатан тазйиқ ва бўҳтонлар йилдан йилга авж олиб боряпти. Тасвирчиларнинг камераси синдирилгани, флешкалари ютиб юборилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Сенат ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳар қанча муносабат билдирилмасин, иш назоратда экани айтилмасин, ОАВга босим қилган, фаолиятини чеклашга уринганларга қатъий чоралар кўрилмас, жазо берилмас, журналистлар дахлсизлиги таъминланмас экан матбуот анжуманлари ўтказиб сўз эркинлиги ҳақида гапиришнинг мантиғи бўлмайди.
Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигига нисбатан талаб ва уни таъминлашга бўлган ҳаракатларга хос равишда журналистика касби билан боғлиқ хавф даражаси кескин кўтарилиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова “Tashkent city” ҳудудидаги ресторанлар Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай, 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортаж тайёрлади ва бу бебошлик жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.
Репортаж оммага тақдим этилганидан бир кун ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларга Феруза Нажмиддинованинг номини булғовчи, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган номақбул видео сиздирилди. Видеода кўп қаватли уйнинг балконида ишқий муносабатда бўлаётган аёл ва эркак акс этган бўлиб, видео қаҳрамонларини таниб олиш жуда қийин. Шунга қарамай, ушбу видеонинг бошига журналист Феруза Нажмиддинованинг иш фаолияти давомида тушган суратлари жойлаштирилиб, монтаж қилинган ва гўё номақбул видео қаҳрамони журналист Феруза Нажмиддинова экани ёзилган. Ҳақиқат қарор топди ва бу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эмаслиги тасдиқланди.
Гарчи, 3 ой олдин QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаьнини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, ҳали ҳануз айбдорлар топилгани йўқ, мутасаддилар эса ҳамон жим.
Бу каби туҳмат тоши KUN.UZ журналисти Раҳматилла Исроиловга ҳам отилган эди. “Журналист мендан 1 гектар ер беришни сўради”, деб туҳмат қилиб, қилмиши учун жазосиз қолган мансабдор ёдимизда. Иш судга топширилган эди. Аммо, Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ мухбирига туҳмат қилмаган, деб топилган. Лекин журналистнинг ер сўрагани ҳам исботсиз қолган. Покуратура Ваҳобовнинг тушунтиришидан бошқа бирорта далил бўлмаса-да, журналист мансабдордан 1 гектар ер майдонини сўраган, деб топган.
Ачинарлиси, қарорда ушбу ҳолат айнан нима билан тасдиқлангани, Раҳматилла Исроилов Абдурасул Ваҳобовдан айнан қачон ва нима мақсадда ер сўрагани, бунинг эвазига қанча миқдорда пул (пора) таклиф қилгани тафсилотлари баён этилмаганди.
Қолаверса, KUN.UZʼнинг яна бир журналисти Илёс Сафаров давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишни талаб қилиб боши балога қолганини айтади. Гап шундаки, журналист Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенконинг рус тилида тақдимот қилганига эътироз билдириб, ундан “Давлат тили тўғрисида”ги қонун бўйича ўзбек тилида чиқиш қилишини сўрайди. Сабаби қонунда ҳам давлат тадбирлари ва конференциялар давлат тилида ўтказилиши белгиланган.
“Айнан шу кундан кейин, бир ҳафта кўрмаган куним қолмади. Шунчалик босимлар бўлдики, ҳатто, оиламга ҳам таҳдидлар бўлди. Нима десам экан, “Синглинг, отанг, онанг, уканг бор. Уларнинг қаерда ишлаши, қаерда ўқишини биламиз. Уларнинг тинч бўлишини хоҳласанг, ўзинг ҳам бу мавзуда тинч юр, деган таҳдидлар бўлди”, дейди Сафаров.
Журналистларга таҳдид билан боғлиқ яна бир ҳолат AZON.UZ таҳририяти собиқ бош муҳаррири Абдулазиз Муборак билан юз берганди. У ҳам ўзига нисбатан Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари босим қилганини ёзганди.
Тасодифий хабарлар
Зеленский рус аскарларига мурожаат қилди
“Ҳар бир Сиёсий эфиримда онамнинг умри 5 йилга камайиб кетяпти” - ОТАЖОНОВ
Адлия вазири: «Ходимнинг розилиги бўлса ҳам маошдан коммунал тўлов учун пул олиб қолиш мумкин эмас!»
Киевнинг яна бир тумани ўққа тутилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди
Намоз ўқиётган Саида Мирзиёева (ФОТО)