Эрон АҚШ ва Исроил билан сулҳ тузишни рад этди

Эрон АҚШ ва Исроил билан сулҳ тузишни рад этди

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон АҚШ ва Исроил билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 21 март куни “Kyodo”га берган интервьюсида сўз очди.

Эронлик дипломатнинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатишни эмас, балки низони узил-кесил ҳал қилишга эришишни мақсад қилган.

Шунингдек, Ароқчи Эрон “Япония томони билан маслаҳатлашувлардан сўнг” Японияга тегишли кемаларнинг Ҳормуз бўғози орқали ўтишига рухсат беришга тайёрлигини билдирган. Унинг айтишича, айни пайтда бу масала икки давлат ўртасида муҳокама қилинмоқда.

Маълумот учун, Япония хом нефть импортининг 90 фоиздан ортиғи Яқин Шарқ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этиш жоиз, бунгача Ароқчи “Al Jazeera” телеканали эфирида Теҳрон АҚШ ва Исроил билан урушда ортга чекинмаслигини таъкидлаган. У Эроннинг сиёсий тизими мустаҳкам эканини ва юқори мартабали шахсларнинг йўқотилиши мамлакатни заифлаштирмаслигини қайд этган.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Эронда давлат институтлари шахсларга боғлиқ эмаслигини ва ҳатто энг юқори даражадаги раҳбар йўқотилган тақдирда ҳам тизим ишлашда давом этишини алоҳида таъкидлаган.

Маълумот учун, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси 28 февралда бошланган бўлиб, учинчи ҳафтадан бери давом этмоқда. Ушбу давр мобайнида томонлар ўзаро зарбалар алмашмоқда. Тель-Авив ўз мақсадини Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик деб атади. Вашингтон эса мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш билан таҳдид қилди ва фуқароларни мавжуд тузумни ағдаришга чақирди. Эрон эса ўз навбатида ҳимояланишга тайёрлигини ва ҳозирча музокараларни қайта бошлашдан маъно кўрмаётганини таъкидлаб келмоқда.


Теглар:
×