Жорий йилнинг июль ойида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида судьялар ҳоким ва ИИБ бошлиғи раҳбарлигида омма олдида обрўсизлантирилиб, суд ходими Р.Раҳимназаров дўппослангани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш ишлари бошланганди.
Вилоят прокуратураси текширув якунланганини ва ҳолат бўйича очилган жиноят иши тугатилганини маълум қилди.
Аниқланишича, вилоят прокуратураси томонидан Р.Раҳимназаров енгил тан жарохати олганлиги холати юзасидан, юзлаштириш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлиги сабабли, 2020 йил 14 июлда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳолат бўйича Р.Раҳимназаров ўзининг кўрсатувида уни ҳеч ким уриб тан жароҳат етказмагани ва ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирган.
Тергов натижасига кўра, ҳолат юзасидан бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан ҳаракатдан тугатилган.
Воқеа тафсилоти
Жорий йилнинг 10 июль куни соат 8:30 ларда Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров шу судга бириктирилган Nexia-3 русумли давлат рақами 530 YAA хизмат автотранспорт воситасида, Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси шу судга бириктирилган Nexia-3 русумли давлат рақами 307 VAA хизмат автотранспорт воситасида туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганида туман марказига кираверишда блок постда улар тўхтатилган ва постдан ўтказилмаган.
Шу вақтда постда бўлган туман ҳокими З.Давлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарорига зид равишда, туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиб, ишга боришга имконият бермай, йўлдан ўтишга тўсқинлик қилиб, ишчи гуруҳ аъзоларидан биттаси хизмат автомашинасининг орқа ўнг эшигини очиб қўлидаги уяли алоқа телефони билан тасвирга тушириб, постдан ўтиш учун навбат кутиб турган тирбанд фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган.
Уларга қўполлик қилиб, туман судининг ҳайдовчиси Р.Раҳимназаровни (ўзининг билдиргисидан) йўл патруль хизмати ходими Р.Раимов билагидан тортиб, ИИБ бошлиғи Б.Хидиров ва ўринбосари Ш.Азизбердиев автомашина калитини олиб қўйиб, уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, эгнидаги кўйлагини олд кўкрак қисмини йиртиб, суд ходимини туман ИИБ биносига олиб келиб, ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш.Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олиб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.
10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган. Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча мартабалик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилганлиги, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари, деб баҳоланган.
Тасодифий хабарлар
Наманганда ҳажми жиҳатдан Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турадиган Мусҳаф сақланмоқда
“Omicron” Ўзбекистон чегарасига яқинлашди
Наманганда қизил чироққа тўхтамаган Spark Nexia’га келиб урилди
“Валютчиклар” 7 400 АҚШ доллари билан қўлга тушди
Ўзбекистонда соатлик ва кунлик электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди