Ўзбекистон муаммолар туфайли янги савдо йўллари излаяпти – “The Diplomat”

Ўзбекистон муаммолар туфайли янги савдо йўллари излаяпти – “The Diplomat”

Ўзбекистоннинг жанубий қўшнилари орқали савдо йўлларини очиш устувор вазифага айланмоқда. Бу ҳақда “The Diplomat” нашри ёзган.

“Жорий йилнинг март ойида ҳиндистонлик савдогар биринчи марта Покистон ва Афғонистон орқали Ўзбекистонга юк жўнатди. Юк партияси асосан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган шакардан иборат бўлган. Дастлаб юк Ҳиндистондан Покистоннинг Карачи портига етиб келди. Сўнгра Покистон орқали Афғонистонга йўл олди ва Торхам чегарасини кесиб Қобулга ўтди. Кейин юк машиналари Қобулдан Мозори-Шарифга, сўнгра Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига йўл олди. Бу юк транзити камтарона бўлса-да, денгиздан узоқда жойлашган Ўзбекистон учун катта ўзгаришларнинг бошланиши бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу, ўз навбатида, мамлакатнинг Эрон ва Россия савдо йўлларига жиддий қарамлигини камайтириши мумкин.

Ўзбекистон учун Россия муҳим савдо шериги ва жаҳон бозорларига муҳим йўлак ҳисобланади. Бугунги кунга қадар икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.

“2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бери Ўзбекистонда бу муаммоларни ҳал этиш, савдо йўлларини кенгайтириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда расмий Тошкент жанубий қўшниларига эътиборни кучайтира бошлаган. Ўзбекистон учун Покистон денгиз портларига чиқиш муҳим. 2022 йилнинг март ойида икки давлат ўнлаб товарларга тарифларни пасайтириш бўйича имтиёзли савдо битимини имзолаган эди. Келишувга мувофиқ, икки давлат жами 34 та товар учун божхона тўловларини 20 фоиздан 100 фоизгача пасайтиради”, дейилган хабарда.

Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва Покистон транзит савдоси бўйича келишув имзолаган. Келишувга кўра, Ўзбекистон юк машиналарига Афғонистон орқали Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Бин Қосим портларига тўғридан-тўғри юк ташишга рухсат берилади. Шунингдек, келишув миграция қоидаларини соддалаштириш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишни назарда тутади. Афғонистон бу келишувлар учун жуда муҳим, чунки мамлакат Ўзбекистон ва Покистон ўртасида жойлашган.

Мақолада қайд этилишича, Покистон денгиз портларига чиқиш Ўзбекистоннинг бошқа муҳим муаммолари билан боғлиқ.

“Қозоғистон ва Украинадаги сўнгги воқеалар Тошкентда хавотир уйғотди. Хусусан, Украинадаги сўнгги воқеалар Мирзиёевни жанубга бурилишга ундади. Россияга қарши санкциялар мамлакатнинг савдо салоҳиятини деярли бутунлай йўқ қилди, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатди. Энг йирик юк ташиш компаниялари Қора денгиз орқали МДҲ давлатларига экспортни тўхтатди”, дейилган мақолада.

×