Кредитомания – қарз олиб роҳатланадиганлар дарди

Кредитомания – қарз олиб роҳатланадиганлар дарди

Шундай инсонлар борки, қарздан боши чиқмайди, қарзни қарзга улаб кун кечиради. Албатта, маблағ зарур бўлса-ю, айни вақтда қўлида пул бўлмаса, яқин кишисидан қарзга сўраб туриш табиий. Лекин қарз-мания касалига учраган одамда нафақат пулсизлик, балки руҳий бузилиш ҳам кечаётган бўлиб, улар бировдан қарз олишга қарам бўлиб қоладилар. Мазкур руҳий тобелик кредитомания деб юритилади. Унда фақат банклардан кредит олишга ружу қўйиш эмас, одамлардан қарз сўраш одатининг кучайиб кетгани ҳам ўрганилади.

Замонавий инсонларнинг 3 тасидан 1 таси мазкур қарамликка чалинган бўлиб, унинг ортига стресс яширинган. Айниқса пандемия пайти касалликдан безиган аҳоли депрессияга тушиб қолди ва ўзини кредитларга ура бошлади.

“Қарз-ман” шундай одамки, у бировдан қарз олмай яшолмайди. Қўлига пул тушса, қарзига тўлайди ва кейинги эҳтиёжлари учун яна қарз олишга мажбур бўлади. У бир вақтнинг ўзида бир нечта одамдан қарздор бўлгани учун “ойликкача” деб олган пулларини қайтаришга маоши етмайди ва қарзини тўлаш учун бошқа бировдан қарз олади. “Қарз-ман” ана шундай чигал занжирга ўралиб яшайди. Психологлар бегона пулларга бу даражада қарам бўлишни алкоголизм ёки ўйинларга боғланиб қолишдан кам эмас, деб баҳолайдилар.

Ўсмирлик даври нотинч ўтган инсонлар қарз олишга “уста” бўлишлари исботланган. Чунки бу пайт инсоннинг орзулари кўп бўлади, уларни амалга ошириш эса фақат ўзига боғлиқ бўлмагани учун яқинларига суянади. Ўсмирлик давридаги мазкур эҳтиёж қондирилмаса, келажакда у пулсизликдан атрофдагиларга суяниш, қарз олиш орқали муаммоларини ечишга ўрганиб қолади. Агар ўсмир ёшдаги фарзандингизни қўллаб-қувватламасангиз, қизиқишларини ҳисобга олмасангиз, мақсадларига эришишда ёрдам бермасангиз, билингки, сиз бўлажак қарздорни, “қарз-ман”ни тарбиялаяпсиз.

Фақат камбағал, ночор одам қарз олади, деган фараз мутлақо нотўғри. Психологик бўшлиғи бор одам миллионер бўлса ҳам қарз олаверади. Чунки у кармонидаги пул билан ҳисоблашмайди, масалан айни вақтда қўлида 10 миллион сўм билан дўконга кирса, 15 миллион сўмлик буюм беихтиёр эътиборини тортади ва унга эгалик қилиш учун кимдандир қарз сўрайди. Бор пулини биргина буюмга сарфлаб қўйганидан кейин эртанги харажатлар учун бошқа бировнинг олдига бориб сарғаяди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – қарз сўраш ва қарз олиш унга руҳий хотиржамлик бағишлайди, шу йўл билан у ён-атрофдан қўллаб-қувватлов ва суянч қабул қиляпман, деб ўзини алдайди. Қарз эвазига келган пулни қўлга ушлагач, муаммоларини бир зумга бўлсада унутади.

“Қарзим бўлса, ухлолмайман”, дейди баъзилар, улар қарздорликдан қочади, оч қолса ҳам қарз олмасликка ҳаракат қилади. “Қарз-мания” бемори эса аксинча, қарз олмасдан туролмайди, қарзидан қутулганида эмас, қарз олганида қалбида қувонч уйғонади.

Ўзига нисбатан ишончнинг пастлиги ҳам кўп қарз олишга ундайди. Чунки у муаммолар олдида ўзини ожиз ҳис қилади, масалаларни бошқалар аралашувисиз, ўз кучи билан ҳал қилишига кўзи етмайди.

Банкдан кредит олишга ишқибозлар ҳам “қарз-ман”лар сирасига киради. Уларга бўлиб тўлаш қизиқ туюлиб, бир нимали бўлиб қолишга интиладилар. Аслида бир неча кредитларга ёппасига кўмилиш ҳам руҳий кемтикларни тўлдиришга бўлган уринишдир. “Кредит-ман” ўзини ғамхўрлик остида ҳис қилишни истайди ва банк мижози сифатида бунга эришиш йўлини танлайди. Ҳаётда имкониятларга ташна бўлгани учун бўлиб тўлаш имконияти дарров уларни ўзига ром этади. Фоиз туғиши эса кўзга кўринмайди. Қарзни вақтида тўлолмаслик оқибатида жавобгарликка тортилиши мумкинлиги-ку умуман ҳаёлга ҳам келмайди.

Бемор аввало дард илдизини аниқлаши, ўсмир давридаги муаммоли воқеаларни онг остидан қўйиб юбориши лозим. Унга вақтида суянчиқ бўлмаган ота-онаси ва бошқа оила аъзолари, яқин қариндошлари, устозлари ҳамда дўстларини кечириши керак. Психолог унга кечиришнинг махсус технологияларини ўргатади. Қарздорликдан қутулиш учун ўзига нисбатан ишончни ошириш, иродани мустаҳкамлашнинг психологик машқларини бажариш ҳам фойдали.

“Қарз-ман”га кучли назорат керак. Бу назорат атрофдагилар эмас, ўзи томонидан амалга оширилгани маъқул. Яқинлари эса беморни қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга, суянчиқ бўлишга тайёр эканликларини сўз ва амал билан билдириб туришлари лозим. Совғалар билан сийлаш ҳам яхши ёрдам беради. Сиздан қарз сўраса, рад этиш билан “қарз-ман”ни тарбиялай олмайсиз, аксинча бу уни чўктириб, руҳий ҳолатини янада ёмонлаштириб юборади. Ундан кўра, маблағ нима учун керак бўлиб қолганини суриштиринг. Сабаб асосли бўлса, қарз беринг ва муддат қўйинг, шу санада қайтариши шартлиги, ўзингизга ҳам пул зарурлигини уқтиринг, муддат яқинлашганда эслатиб туринг. Қарзни яхши кайфиятда беринг ва тез орада пул қайтишига, қарздор бу учун имкон топа олишига ишонаётганингизни билдиринг.

Доимий қарздорларга маслаҳатлар:

  • Даромадларингиз ва ҳаражатларинингизни қоғозга туширинг. Эҳтиёждан ташқари ҳаражатларни рўйхатдан чиқариб ташланг.
  • Қўлингизга пул тушганида ишни қарзларни тўлашдан бошланг ва кундалик ҳаражатлар учун ҳам пул қолдиринг.
  • Кимдан қанча миқдорда қарздор эканлигини ёзиб чиқинг ва тўланган қарзларни ўчириб боринг. Ҳар бир тўланган қарз учун ўзингизни рағбатлантиринг. Масалан, мақтов, қарсак ёки дам олиш билан.
  • Қарз берган одам билан алоқада бўлиб, олган пулингиз ёдингизда экани, уни қайтариш ҳаракатида эканлигингизни билдириб туринг. Масъулиятли шахсга айланинг.
  • Катта миқдорда қарз олманг. Кучли зарурат бўлмаса, қарз эвазига киритиладиган нарсадан ҳозирча воз кечинг. Кечроқ бўлсада ўз маблағларингиз эвазига эришасиз.
  • Қўлга киритган мол-мулкларингиз учун миннатдор бўлинг ва уларни ўрнида ишлатинг.
  • Инсонларга қўлдан келганча ёрдам беринг, кичик миқдорда бўлса ҳам эҳсон қилинг, шу йўл билан олувчи қўлдан берувчи қўлга айланасиз.
  • Қарзингиз ҳақида ортиқча қайғурманг, яхшиси - кўпроқ ишлаб, даромадингизни кўпайтириш ҳақида ўйланг. Бой бўлишни орзу қилинг ва унутманг: бойларга қарздорлик ярашмайди.
×