Россия-Украина можароси Ўзбекистон ва МО давлатларига қандай иқтисодий зарар келтириши айтилди

Россия-Украина можароси Ўзбекистон ва МО давлатларига қандай иқтисодий зарар келтириши айтилди

Украина билан уруш Россия меҳнат бозорини асосий ишчи кучи билан таъминловчи Марказий Осиё давлатларига қандай таъсир қилади?

Сўнгги пайтларда афгор оммани таҳликага солаётган Россия-Украина ўртасидаги зиддият, асосий даромади меҳнат муҳожирлари юборадиган маблағлардан бўлган Марказий Осиё давлатларига қандай хавф-хатар туғдириши маълум қилинди. 

Россиянинг бепоён сарҳадлари бўйлаб ўз ризқини териб юрган Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон меҳнат муҳожирларига кўра, уруш таҳдиди ортидан Россияда рубль долларга нисбатан қадрсизланиб бормоқда. Муҳожирларнинг уйига юборадиган маблағи ҳам аввалгига нисбатан сезиларни даражада камайган.  

Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида Ўзбекистондан 3 миллион, Тожикистондан 1,6 миллион ва Қирғиз Республикасидан 620 минг фуқаро Россияга меҳнат миграцияси учун борган.   

Москвадаги қурилиш ташкилотида бригадир бўлиб ишлайдиган Тожикистонлик Фаридун Абдуллаевнинг маълум қилишича, ўтган йилнинг худди шу даврида у оиласига ҳар ой ўртача 500 АҚШ доллари юбориб турган. Аммо, сўнгги пайтларда содир бўлаётган таҳликали воқелар ортидан рублнинг қадрсизланиши сабабли Фаридун ўтган ой уйига 450 доллар юборолган, холос.  

“Мен рафиқамга пул юбора туриб, қўнғироқ қилдим ва вазият келгусида бундан ҳам ёмонроқ бўлиши ёки яна ўз ҳолига қайтиши мумкинлигини айтдим”, дейди Фаридун “Al-Jazeera” журналистига берган интервьюсида. 

Украинага нисбатан босимни ошириб бораётган Россиянинг “жиловини тийиб туриш” учун АҚШ ва Ғарб Кремль иқтисодига қарши жиддий санкциялар қўллаш йўлини тутмоқда. 

АҚШ эълон қилган санкциялар рўйхатига Россия молия секторининг 55 фоиз активларини бошқарадиган 4 та энг йирик рус банклари ҳам киритилган.   

Бундан ташқари, Россия газининг энг йирик импортёри бўлган Ғарб мамлакатлари рус газидан бутунлай воз кечишни кўзламоқда. Нефт-газ импорти бўйича Россия ўрнига алтернатив мамлакат сифатида Европа Қатарни танлаган.  

Иқтисодий даромаднинг энг катта қисмини четга нефт-газ сотиб қоплайдиган Россия, АҚШ ва Ғарб қўллайдиган санкциялар ортидан боши берк кўчага кириб қолиши тахмин қилинмоқда. 

Жорий қилинаётган тақиқлар нафақат Россия, балки иқтисоди чет элга меҳнат муҳожири сифатида кетган фуқаролар юборадиган маблағларга таянган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам жиддий муаммомолар келтириб чиқариши мумкин.  

Мисол учун, бундан аввал АҚШ томонидан Россияга нисбатан 2014 йилда жорий этилган санкциялар сабабли, 2013-2016 йиллар оралиғида Тожикистонга Россиядан келадиган пул ўтказмалари миқдори икки бараварга қисқарган. Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми бир йил ичида қарийб 30 фоизга, Қирғизистон Республикасида эса 25 фоизга камайган.

Кремлга қарши қўлланаётган бу сафарги санкциялар ҳам Марказий Осиё давлатлари иқтисоди учун аввалгисидан кам даражада таъсир қилмаслиги айтилмоқда.

Билдирилишича, шундоқ ҳам COVID-19 пандемияси ортидан жорий қилинган чекловлар сабабли Марказий Осиё давлатларига мигрантлардан келадиган хорижий валюта оқими сезиларни пасайган. Вазият секин-аста ўнгланиши ортидан ўзбекистонлик мигрантлар Россиядан юборадиган маблағлар ҳажми жорий йил ҳисобида 23 фоизга ўсган.

Иқтисодчиларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Москванинг иқтисоди қийин аҳволга тушиб қолган тақдирда, даромадининг катта қисми Россиядаги мигрантлар юборган валютага тўғри келадиган Тожикистон ва Қирғизистон иқтисоди ҳам танг аҳволда қолади. Аммо табиий бойликлари кўп бўлган, иқтисодий жиҳатдан бир мунча эркин ва ривожланиш даражаси яхшиланиб бораётган Ўзбекистон вазиятни енгил ўтказиши кутилмоқда.   

Экспертларга кўра, санкциялар сабабли Россия иқтисоди оғир аҳволга тушиб қоладиган бўлса, иш берувчи алтернатив давлат сифатида Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва БААга мигрантлар оқими сезиларли даражада ортади.

×