Чироқчи тумани «Халқобод» МФЙ «Чилживут» қишлоғида жойлашган Чироқчи туман ХТБга қарашли 20-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ директори Зулайҳо Ярматова Uztime.uz га Назира Абраеванинг кирдикорлари ҳақида гапириб берди.
З. Ярматованинг билдиришича, Чироқчи туман ХТБ мудираси Назира Абраева томонидан унга ростманасига «уруш эълон қилиниб» ўқитувчига турли тазйиқлар, тўхмат ва бўҳтонлар уюштирилган. Эмишки, З. Ярматова «атайлабдан» Н. Абраевани қоралаш учун бу мақолани чиқарган. Шу боисдан воқеани холисона ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлдик, дейди "nnews.uz".
МУАММОЛАР ГИРДОБИДА ҚОЛГАН МАКТАБ
Аввало, эътиборимизни тортгани ташқи тарафидан анчайин кўримсиз ва таъмирталаб бўлиб қолган мазкур мактабга тамал тоши қўйилганига 50 йилга яқин бўлиб қолганига қарамай у бирор маротаба жиддий таъмирланмаган ва асосий бино каби синф хоналар ҳамда қўшимча ўқув бинолари ҳам йиллар давомида устма-уст суртилган оҳак ва буёқлардан кўчиб кетишга шай ҳолатга келиб қолган. Бунинг устига «мактаб ремонти» ишларига янги директор Бўстон Нарзуллаева бошчилигида ўқитувчиларнинг фаол жалб қилинганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу борада унинг изоҳи қуйидагича бўлди:
-Директорликка буйруқ чиқиб иш бошлаганимга 3-4 кун бўлди. Ўқитувчилар билан биргаликда таъмирлаш ишларини олиб бораяпмиз. Биласиз, янги ўқув йилига ҳам оз фурсат қолди. Мактабимиз анчайин эски, таъмирга муҳтож. Буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Ўқитувчилар билан ишлашимизга келсак, бошқа иложимиз ҳам йўқ. Бунинг устига ҳали синф хоналаридаги парта-стуллар ва синф доскаларининг айримлари ҳам ишлатишга яроқсиз. (Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Бизга келиб тушган мурожаатда келтирилишича, туман ХТБ мудираси мактабга «янги» аслида эса «ўзидан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида тайёрланган сифатсиз парта-стулларни берган. Бунга сабаб қилиб эса, бу жиҳозлар «сохта ва бир кунлик учар тадбиркорлар»дан арзон гаровга сотиб олиниб, мактаб маъмуриятига мажбуран тарқатилган деб кўрсатилди.) Бу биргина мазкур мактаб муаммосими десак, йўқ, тумандаги «мактабман» деганининг ҳаммасида шу гап эмиш. Хуллас, ҳасратидан чанг чиққанча янги директор сўзлашда давом этди.
-Туман ХТБ мудираси ҳолатдан хабардор, балки келажакда бу камчиликлар бартараф этилиб қолар? Яна бир масала борки, у биз учун оғриқли муаммоларимиздан бири. Бу- сув. Нафақат экинлар, балки оддий гуллар ҳам парвариш йўқлиги боис тезда сўлиб-қуриб қолади. Ўқувчиларимиз эса ичимлик сувини уйларидан ўзлари учун истеъмолга олиб келишади. Мактаб ичкарисида ноқонуний қурилган савдо дўкони ҳам бизга муаммо. Афсуски, бу ерда бир вақтлар спиртли ичимликлар ҳам сотилган эди. Ҳозирда ёзги таътил, шу боисдан дўкон ишламаяпти. Келгусида яна шу ҳолат такрорланишидан хавотирдаман.
Ҳааа, мактаб остонасидан кириб келишимиз билан бизни янги иш бошлаган директор шу каби муаммолар билан қарши олди. Йўл-йўлакай бизга ҳамроҳлик қилар экан, мактабнинг бундан ҳам «муҳим» дарди борлигини билдириб ўтди.
– Куни-кеча Қашқадарё вилоят ХТБ бошлиғи томонидан шахсан мени мазкур мактабга директор лавозимига тайинланганлик тўғрисидаги бўйруқни олдим. Мана собиқ директоримиз З.Ярматова ёнингизда. Бизда бир қизиқ ҳолат бўлаяпти. Мен номига директорман, аммо қўлимда на бирор бир меъёрий ҳужжат ва на мактаб муҳри бор. З.Ярматова уни менга топширмаяпти.
Қуйида эса бу борада З.Ярматованинг анчайин жиддий айбловларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
ВОҚЕАЛАР РИВОЖИНИНГ КЕСКИН ТУС ОЛИШИГА КИМ ЁКИ НИМА САБАБ?
-Шу даргоҳда иш бошлаганимдан буён қанча ижобий ишларни қилишга, қанча нотўғри хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга эришдим. Ҳақиқатни тан олиш ҳам мардлик аслида. Уч йил давомида фаолиятимни кузатган ҳар кимнинг баҳоси ўз виждонига ҳавола. Биргина мисол, мактабимизда инглиз тили фанидан сабоқ бериб келаётган Фахриддин Жўраевнинг ўқувчиларга жисмоний куч ишлатиш борасидаги хатти-ҳаракатлари юзасидан туман ИИБ га хат киритиб унга интизомий жазо чораси қўлланилишига эришдим. (Ота-оналар ва ўқувчилар томонидан киритилган мурожаатлар асосида) Унга бу иши педагогга хос эмаслигини билдиришга уринишларим бесамар кетавергач, (яъни, у бир эмас, бир неча бор ўқувчилар билан қўпол муомалада бўлиб уларга қўл кўтарган) қонун доирасида чора кўришларини сўраб қилган мурожаатим ўз исботини топган. Ўқитувчиларнинг (айниқса эркак ўқитувчиларни назарда тутаяпман) спиртли ичимлик истеъмол қилиб дарс ўтишларини, ўз ишлари қолиб қоровулхонада «қарта ўйини» билан машғул бўлишларини ҳам олдини олишга қилган ҳамма ҳаракатларим менга акс таъсир қилди. Аввало, бу қадар жиддий абловларни омма эътиборига ҳавола қилаётганимдан, бу ҳолат айнан Чироқчидаги 20-умумий ўрта таълим мактабида рўй берганини айтишдан ҳижолатдаман. Аммо, айтадиган ҳар бир сўзимга исботим бор. Мен мактаб директори лавозимига тайинланганимга 3 йил бўлган бўлса, туман ХТБ бўлими мудираси Н.Абраева томонидан ҳеч бир асоссиз вазифасини вақтинча бажарувчиликдан доимийликка ўтказиш учун суҳбатга юбориш пайсалга солиб келинди. Бунга сабаб эса Н.Абраева учига чиққан порахўр раҳбар. Яна бир бора бу қадар жиддий айблов қўйишимнинг боиси, мен унга «директорлик учун» сўралган пулни қурбим етмаганлиги сабаб бера олмаганим ва ўрнимни у хоҳлаган одамга осонликча бўшатиб бермаганим туфайли бўлди, деб бемалол айта оламан. Яна бир гап. Мактабда директорни ота-оналардан тузилган махсус комиссия, ихтиёрий ҳомий ва маҳалла кенгаши аъзолари сайлашади. Таассуфки, Н. Абраеванинг бу ишларга «аралашишга мутлақо қонуний ҳаққи йўқ». Аммо, аввалги тузилган жамоани тарқатиб юбориб, ўзи бошчилигида асаб-руҳий касалликлар шифохонасида «Д» ҳисобда турадиган беморни комиссия раислигига сайлаган ва тўлиқ тартибда «иш бўйича масъулиятни ўз бўйнига олган мудир»нинг ноҳақлиги, порахўрлиги ва адолатсизлиги мени шундай қилишга мажбур қилди.
ҲАЗМ БЎЛМАГАН ҲАҚИҚАТМИ ЁКИ ДАРД УСТИГА ЧИПҚОН?
Тавба, бир кичкинагина мактабнинг шунча муаммоси бўлса, унда бутун бошли туманда нима гап экан-а, дейсан киши. Наҳотки, З.Ярматованинг сўзлари ҳақиқат бўлса? Йўқ бўлса, нега туман ХТБ мудири жим? Энг қизиғи, юқорида келтирганимиздек, масалага холисона ёндошиш мақсадида фақат бир томоннинг эмас, иккинчи томоннинг ҳам фикрини эшитишни лозим деб топдик.
АММО…
Минг афсуски, туман ХТБ мудираси Назира Абраева билан боғланганимизда изоҳ олиш тугул, масала моҳиятини таништиришгаям улгурмадик. Саломга-да алик олишни истамаган мудир гўшакдан исм-шарифни эшитиши билан маданиятсизларча уни илиб қўйди ва қайта қилинган қўнғироққа жавоб ҳам бермади. Биргина шу ҳолатнинг ўзиёқ Н.Абраеванинг тарбиясига баҳо бермаслиги мумкин, аммо маданиятини, педагогик этекасини очиқлаб бера олди, бизнингча.
МАКТАБНИНГ «ЗЎРАВОНИ» БОР, КИМЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?
Рости, бизга бу шахс ҳақида билдирилганида очиғи, ҳайрон қолдик. Наҳотки, шунақа бўлса? Келинг, яхшиси яна мурожаатчини тинглаймиз:
-Бизда бир зўравон ўқитувчи бор. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Фахриддин Жўраев кимнинг қай даражада «эркатойи» билмадим-у, аммо у мендан аввалги директор вақтида бир вақтнинг ўзида 2012 йилнинг май ойидан токи ноябрь ойига қадар ҳам Россия Федератив республикасида, ҳам Ўзбекистонда ишлаб маош ҳамда собиқ мактаб директори Б.Рўзиев томонидан моддий ёрдам олгани ҳақида, бу эса мутлақо ноқонуний ҳолат эканлиги тўғрисида Н.Абраевани огоҳлантирганман. Шу билан бирга бу каби ҳолатлар собиқ директор Б.Рўзиев томонидан бир эмас, бир неча бор содир этилгани ҳамда Қ.Рўзиев, Х.Эргашева ва Х. Рўзиевларга ҳам шу тахлит ойлик маошлар ва рағбатлантириш пуллари тўланиб, жами давлат бюджетидан 1.926.563 минг сўм ноқонуний ўзлаштирилгани, бунга далил сифатида архив ҳужжатларини илова шаклида киритиб билдирги берганман. Бу ҳам майлику-я, мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ва туман прокуратурасини ҳам огоҳлантирганман. Аммо вазият ўзгармади. Шунча айбловлар билан биров қизиқсиниб ҳам кўрмади. Демак, давлат томонидан ажратилган пуллар бемалол ўзлаштирилиб кетилганидан кимдир манфаатдор шекилли?
P/S: Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. Наҳотки, далил-исботи билан тақдим қилинган ҳужжат тегишли давлат органларини қизиқтирмаган бўлса? З.Ярматованинг айтишича, бу биргина 20-умумий ўрта таълим мактабида аниқланган ҳолат. Тумандаги 100 дан ортиқ мактабларнинг деярли кўпида бунақа вазиятни кузатиш мумкин экан. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан, киши. Жуда жиддий ва айни дамда аянчли ҳолат. Ўқитувчидек шарафли касбни ҳар куйга солиш бу виждонсизликдан бошқаси эмас, наздимизда.
ТУМАН ВА ВИЛОЯТ МУТАСАДДИЛАРИ ҚАРАТМАГАН МУАММОГА ВАЗИРЛИК ЭЪТИБОР ҚАРАТАДИ (МИ?)
Туман Халқ таълими бўлимига-ку масаланинг аҳамияти йўқ экан, (собиқ директорнинг сўзларига кўра, Н.Абраева бу каби ҳолатдан манфаатдор эмиш ҳам) унда туман ҳокими, туман ИИБ ва туман прокуратураси ва ҳатто вилоят ҳокимининг бу масалага эътиборсиз қараганини қандай изоҳлаш мумкин? З.Ярматова юқорида таъкидлаб ўтилган мутасаддилар билан учрашиб, уларга аризалар, далолатномалар ва билдиргилар киритган.
Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Беҳзод Жўраевнинг мазкур вазият бўйича изоҳини олдик:
-Ҳақиқатдан ҳам З.Ярматова менга мурожаат киритган. Айни дамда бу масалани тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқаяпмиз. Шуни комил ишонч билан айта оламанки, З. Ярматова худди шу мактабда ва шу жамоада педагоглик фаолиятини давом эттиради. Агар ўз хоҳишига кўра ариза ёзмаса унинг иш фаолиятига тўсқинлик бўлмайди. Ва бундан кейин ўқитувчилар ва мактаб ўртасида тоза, соф муҳитни шакллантириш биринчи галдаги вазифамиз саналади.
Энг ачинарлиси, эса З.Ярматова мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш. Шерматовга ҳам мурожаат йўллаган. Ким билсин, балки юборилган хат «почта қутисида қолиб кетгандир?» ёки уни «вазирликка етказишни унутиб қўйишгандир?» Балки, вазирликда «девонхона ишламай қолгандир?» Хуллас, нима бўлгандаям мана шунақа «фавқулотда ҳолатлар содир бўлган» йўқса, бу каби жиддий айбловларга чора кўриларди. Айблов исботини топса фирибгарларга, йўқса, мурожаатчига. Ҳар ҳолда бизда қонун устувор. Инсон омили, манфаати ҳар недан устун жамиятда яшаяпмиз. Фақат бу иддаоларимиз шунчаки қоғозбозликдан иборат бўлмаса бўлгани.
ТУМАН ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМИ МУДИРАСИНИНГ АНТИҚА «КАМПАНИЯСИ»
Мурожаатни ўргангани борган мухбиримиз қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлиб қайтди. Мактаб жамоаси кутилганидек иккига бўлиниб олган ва табиийки вазият бўйича ҳар кимнинг ўз «ҳақиқати» бор. Чироқчи туман ҳокимининг матбуот котиби ҳам мазкур вазият бўйича холисона журналистик суриштирув ўтказиб, бу борада таҳририятимизга маълум қилди.
Энг асосийси эса бундан бир оз аввал эълон қилинган мазкур мактаб билан боғлиқ мақолада кўрсатилган важлар яна бир бор ўз исботини топди. Яъни, ўқувчиларга 2018-2019 ўқув йилининг январь-февраль-март-апрел ойларида мактаб рўпарасидаги ташландиқ ва қаровсиз ҳолдаги эски болалар боғчасининг бир қисмида сабоқ берилган. Буни Бўстон Нарзуллаева ҳам тасдиқлади. Биз-ку майли, аммо туман ХТБ мудираси Н.Абраева Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоят Халқ таълими бошқармасини «киприк қоқмай» алдагани, яъни, бу ерда ҳеч қачон дарс ўтилмагани ва аксинча эски парталар сақлангани ҳақидаги ТУШУНТИРИШ ХАТИни қандай тушуниш мумкин ҳайронмиз? Ёлғончилик ҳам эви билан-да. Бу ҳатти-ҳаракати билан Н.Абраева ўзи бошчилигида минглаб педагоглар обрўсига, иш фаолиятига яхшигина «баҳо» берганини таъкидлаш лозим. Тағин, раҳбар, педагог, аёл кишига эрашадими бу иш?
***
З.Ярматова эса мақолани ёзиш давомида унга мактаб жамоаси ва Н.Абраева томонидан қилинаётган турли тазйиқлар, тўхмат ва таҳқирлашлар туфайли руҳий босим остида қолаётгани ҳақида бизни огоҳлантирди. Наҳотки, мансабдек вафосиз дўст, ёлғончи оғу, курсидек синовли мартаба инсон қадр-қимматидан, аёллик шаъни, ғурур ва ўқитувчиликдек буюк номдан азиз бўлса? Бундан ташқари, (йиллар давомида шаклланиб ўнгланиши даргумон бўлиб қолган бу вазият) муаммолар ичида, носоғлом баҳслар орасида улғаётган келажак авлоднинг дунёқарашига, билим ва тафаккурига, мустақил фикрлашни бошлаган онгига салбий таъсир этмаса? Наҳотки, мансаб талашаётган, ҳақни-ноҳақдан ажратишни билмаётган, энг ачинарлиси эса УСТОЗ деб аталмиш улуғ номга доғ тушираётган педагоглар мана шу оддий ҳақиқатни тан ола билишмайди.
Мактаб-маънавият бешиги. Инсонни инсон сифатида камолотга етаклайдиган маскан мактаб эмасми? Қадимда мадраса толиблиги даражасига эришганлар бир улуғланса, уларга илм берувчи устозлар икки карра шарафланган. Шу қадар улуғ ва мукаррам маскан бугун мана шундай аянчли, «аризабозлар», мансаб талашлар ва тўхмату-бўҳтонлар урчиган гўшага айланиб қолса. Эссиз тарбия, эссиз таълим дейсан киши.
Хулосаси эса доимгидек ўзингиздан…
P/S: Дарвоқе, шу билан масалага журналистик суриштирув орқали тамоман нуқта қўйилгани йўқ. Ҳали, мактаб билан боғлиқ қолган муаммолар борки, ҳайратингиз кўчасидан яна бир бора ўтиш имконимиз бор. Воқеалар ривожи кескин, шу билан бирга аниқ факт ва далилларга таянган ҳолда сизни бефарқ қолдирмаймиз, ишонаверинг.
Тасодифий хабарлар
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг тўртинчи пакетини тайёрмоқда
Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа давлатларида ўртача иш ҳақига қанча бензин сотиб олиш мумкин?
Наманганда сув талашиб, 63 ёшли фуқарони уриб ўлдириб қўйган шахсга жиноят иши қўзғатилди
Наманган вилояти ҳокими талабанинг бир йиллик контрактини тўлаб берди
Президентимиз спортчиларнинг ҳар бир чиқишини кузатиб борди — Танзила Норбоева