Пентагон Ўзбекистонни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади

Пентагон Ўзбекистонни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади

Америка ҳукумати Ўзбекистонни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан қутлади. АҚШ Мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Ребекка Зиммерман Пентагондан туриб, Ўзбекистон Қуролли Кучларига эксклюзив табрик йўллади.

Зиммерманга кўра, Ўзбекистон суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш икки давлат ҳарбий алоқаларининг асоси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

“Қўшма Штатлар Ўзбекистонни стратегик ҳамкор сифатида қадрлайди. Ўзбекистоннинг муносабатларимизни кучайтириш ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаймиз”, дейди Пентагон расмийси.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон армияси ташкил этилганидан буён шу 30 йил мобайнида икки мамлакат хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўя олган. Икки давлат ҳарбийлари мунтазам равишда қўшма ўқув машғулотларини ўтказади ва ахборот алмашади.

Бу ҳамкорликдан мақсад минтақавий ва халқаро таҳдидларнинг олдини олиш, дейди Зиммерман. Жумладан, терроризм ва наркотик моддалари савдосига қарши курашиш, чегара хавфсизлигини таъминлаш, хавфсизлик кучларининг маҳоратини ошириш ва қонун устуворлигини тарғиб қилиш иккала томон ҳамкорлигининг устувор вазифаси ҳисобланади.

АҚШ 20 йил давомида Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар олиб борган пайтда Ўзбекистон унга яқиндан ёрдамлашган ва қўшни мамлакатда барқарорликни таъминлашда катта ҳисса қўшган, дейди расмий.

Зиммерманнинг эътироф этишича, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон тинч бўлмаса, Марказий Осиё ҳам тинч бўлмаслигини тан олган. Ўзбекистон Афғонистонда тинчликка эришиш учун АҚШ ва унинг минтақадаги ҳамкорлари билан мудофаа соҳасида яқиндан бирга ишлашда давом этмоқда.

“Террорчилар Афғонистон ҳудудидан АҚШ ёки унинг иттифоқчи ҳамкорларига зарар етказиш учун фойдаланишига йўл қўймаслик лозим. Биз минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун ҳар доимгидан ҳам кўпроқ имкониятларга эга бўлиб, уларни ишга солишимиз зарур. Биламиз, Ўзбекистон қўшнилари билан бу борада саъй-ҳаракатларни жадаллаштириб, етакчилик қилишда давом этади. Қўшма Штатлар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни қувватлайди”, дея фикр билдирган Пентагон расмийси.

×