Бир йил ичида 200 га яқин ўзбекистонлик Россиядан бошпана сўради

Бир йил ичида 200 га яқин ўзбекистонлик Россиядан бошпана сўради

2025 йилда Ўзбекистоннинг 176 нафар фуқароси Россиядан бошпана сўради. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.


Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 12 ойи давомида 3 332 нафар Украина фуқароси Россияда уларга бошпана бериш тўғрисида ариза топширган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 390 кишига кам бўлиб, ўша йили Россияда бошпана сўраб 3 722 нафар киши мурожаат қилган эди. 2023 йилда эса 5 580 нафардан ортиқ Украина фуқароси Россиядан бошпана сўраган. Сўнгги йилларда украиналиклар Россияда энг кўп бошпана сўраб мурожаат қилаётган хорижий фуқаролар бўлган.

2025 йилда бошпана сўраш бўйича иккинчи ўринда Сурия фуқаролари қайд этилган – 3 196 нафар. Учинчи ўринда Афғонистон фуқаролари – 281 нафар. Шунингдек, кучли бешликка Ўзбекистон ва Германия фуқаролари ҳам кирган. Унга кўра, Ўзбекистондан 176 ва Германиядан 129 нафар мурожаатчи қайд этилган.

Умуман олганда, 2025 йилда Россияда вақтинчалик бошпана бериш тўғрисида 8 220 нафар хорижий фуқаро ариза топширган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1 341 кишига кўп.

Россияда бундай мақом шахсга мамлакат ҳудудида қонуний яшаш ҳуқуқини беради. Шунингдек, у махсус рухсатномаларсиз ишлаши ва мажбурий тиббий суғурта тизими орқали тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Россияда вақтинчалик бошпана олган шахслар мамлакатга кириш ва чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, таълим олиш ҳамда моддий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу мақом яшаш учун рухсатнома ва Россия фуқаролигини олиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланади.


Теглар:
×