Кеча, 7 август куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ўзбек маърифатпарвари, ёзувчи Жўра Бўтакўз 99 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
У 1926 йилда Андижон шаҳрида туғилиб, 1930 йилларда оиласи билан Тожикистонга, 1935-1936 йилларда эса Афғонистонга кўчиб кетган. Унинг умри деярли саргардонликда ўтган. Ёзувчи дунёнинг Покистон, Туркия, Америка Қўшма Штатлари каби давлатларида ҳам яшаган.
1950 йилларда Покистонда яшаб юрган пайтларида урду тилини ўрганиш учун ҳар куни газета ўқиган. Жўра Бўтакўз 5 та тилда эркин сўзлаша олган.
У ўзбек китобхонларига улкан ёдгорликлар қолдирган. Масалан, ўз меҳмонхонасини сотиб, Абдулла Қодирий романларини чоп эттирган. Марҳум “Ўткан кунлар” романини 1961 йилда Покистонда чоп эттириб, муҳожир ватандошларга текин тарқатган.
Ўзбек адиби Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарида хориждаги ўзбеклар учун “Ўтган кунлар” романини нашрдан чиқарган миллатпарвар киши Жўрақори Бўтакўз номи тилга олинади. У “Бўтакўзнома”,“Она тилимни деб”, “Булужустон эсдаликлари” ва бошқа асарларининг муаллифи ҳам саналади.
Жўрақори Бўтакўз Совет даврида хориждан Ўзбекистонга қайта олган саноқли шахслардан бири. У 1960 йиллар охирида Ўзбекистонда келгач, қайтиб хорижга чиқишига рухсат берилмайди.
Жўрақори Бўтакўз мустақилликни Ўзбекистонда кутиб олиш шарафига ҳам муяссар бўлган.
“Озодлигимизнинг муборак байроғи кўтарилаётганда ўша ерда йиғлаб турдим. Шу лутфга сазовор бўлганлардан, иштирок этганлардан бири бўлиш шарафига лойиқ бўлдим”, деган у интервьюларининг бирида.
Марҳумнинг жанозаси бугун, 8 август куни Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган.
Тасодифий хабарлар
Қизлар мактабларда миллий рўмол ва дўппида бўлишлари мумкин
Тошкентдаги боғлар энди тун-у кун ишлайди
Мирзиёев бир гуруҳ ИИВ ходимларини мукофотлади
1 гектар ерга эгалик учун 1,4 миллион доллар пора сўраган ҳокимлик ходими қўлга тушди
Эртага Ўзбекистоннинг айрим жойларида кучли шамол кўтарилиб, қор ёғади