Наманган шаҳар “Диёр” ва “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғинларида Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаев маҳалладаги нотинч оилаларни яраштириш ва оиладаги нотинчлик оқибатида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар келиб чиқишини олдини олиш чоралари мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Давра суҳбатида, Конституциямизнинг 63-моддасида Оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилиб, Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида судларга оилани мустаҳкамлаш, эр-хотинлар ва улар фарзандларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни фуқаролик ишларининг энг муҳим туркумларидан бири деб ҳисоблаш ва бундай ишларни кўришга эътиборни кучайтириш мажбурияти юклатилганлиги таъкидланди.
Ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга судларнинг алоҳида эътиборларини қаратишлари лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми республика судларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда оилани ҳар томонлама ҳимоялашга, болаларни Ватанга ва оилага садоқат руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида жавобгарлик ҳиссида тарбиялашга қаратилганлигини тушунтириб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.
Никохдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбур.
Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган муҳлат белгилашга ҳақли.
Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида ажрим нусхаларини улар яшайдиган ҳудуддаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига, маҳалла фуқаролар йиғинига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши лозим.
Наманган вилояти суди никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда айнан мана шу тамойилларга асосланган ҳолда ҳамда Наманган вилояти, туман ва шаҳар ҳокимликлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш юритмоқда.
Вилоятимизда судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш белгиланган ишларнинг сони 2021 йилда 2020 йилга нисбатан
бирмунча ошган.
2021 йилда Наманган шаҳрида бир қатор ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди. Ажралиш арафасида турган кўплаб эр-хотинларни яраштиришга эришдик. Аммо 2021 йилда Наманган шаҳрида никоҳдан ажралиш ҳолатлари камаймаган. Бу борада ҳамкорликдаги ишларимизни янада кучайтиришимиз ва асосий эътиборни оилалардаги муҳитни яхшилашга қаратишимиз лозим.
Шу билан бирга эр-хотинларларга никоҳ шартномасини тузишларини юзасидан маслаҳатлар берилди. Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир. Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.
Очиқ мулоқот чоғида фуқаролардан келиб тушган саволларга А.Сафаев томонидан батафсил жавоблар берилди.
Сардор Жўрабоев
Вилоят судининг судьяси
Тасодифий хабарлар
Туркияда денгиз устига қурилган янги аэропорт очилди
Коррупцияга қарши курашувчи ташкилот раҳбари пора билан ушланди (видео)
«Валломат бўлмайдими?..» – Сардор Умурзоқов ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди
Россия Украинага бостириб кириши ортидан Тошкент Киевга барча парвозлар бекор қилди
«Коронавируснинг Европада чиққан штамми бизгача етиб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди» — Шавкат Мирзиёев