Якунига етиб бораётган йил муваффақиятлар, қолаверса¸мағлубият ва йўқотишларга бой бўлди. 2021 йил ўзбек адабиёти, санъати, илми ва сиёсатида ўчмас из қолдирган кўплаб инсонларни турли хасталиклар оқибатида орамиздан олиб кетди.
Бугун таниқли шахслар, сиёсат, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт соҳаларида ўчмас из қолдириб, минглаб шогирдлар етиштириб, мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшган ва бугун орамизни тарк этган, муқаддас хотираси қалбларимизда мангу сақланиб келаётган иқтидор эгаларини ёдга оламиз.
Шоира Гулчеҳра Нуруллаева
Таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева жорий йилнинг 15 январь куни 83 ёшида вафот этди.
У 1956-1964 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон давлат миллий университети – таҳр.)нинг журналистика бўлимида таҳсил олган.
У СССР даврида олган мукофотларидан воз кечган.
Шоиранинг “Орзуларим қоқади қанот” (1969), “Ташнаман” (1972), “Иккинчи баҳор” (1973), “Лирика” (1975), “Бағишлов” (1977), “Пахта ҳиди” (1981), “Нурли нуқталар” (1986), “Муҳаббатнинг суврати” (1988) китоблари чоп этилган.
Шоира 2005 йил ўз хоҳиши билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқиб кетган. 2018 йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодкор Гулчеҳра Нуруллаевага аъзолик гувоҳномаси қайта топширилган эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хоразмлик хонанда Раҳматжон Қурбонов жорий йилнинг 17 январь куни 62 ёшида вафот этди.
Ижодкорнинг фидойи меҳнатлари муносиб тақдирланиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвонлари хамда “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлган.
У узоқ йиллар Тошкент шаҳрида самарали фаолият юритиб, “Лазги” ансамблига раҳбарлик қилди. Раҳматжон Қурбонов бир неча рисолалар, китоблар, ўқув қўлланмалар муаллифи эди.
Жамоат арбоби Муртазо Султонов
19 январь куни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи Муртазо Султонов 83 ёшида вафот этди.
Муртазо Султонов қарийб 20 йил Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари бўлган. У Ўзбекистон муҳандислар академияси, Халқаро Фанлар академияси академиги, Вазирлар Кенгаши мукофоти лауреати бўлган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи унвонларига сазовор бўлди.
Бокс бўйича Осиё чемпиони Гўзал Исматова
Бокс бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиби, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Гўзал Исматова жорий йилнинг 22 февраль куни 25 ёшида вафот этди. Маълум бўлишича, у саратон хасталиги туфайли оламдан кўз юмган.
Гўзал Исматова оғир вазн (+81 кг) тоифасида рингга чиққан. У 2014—2017 йиллар давомида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, у 2017 йилги Осиё чемпионати ғолиби ҳисобланади.
Футзалчи Тимур Бердиев
Ўзбекистонлик футзалчи, ОКМК футзал жамоаси аъзоси Тимур Бердиев жорий йилнинг 28 февраль куни вафот этди.
Тимур Бердиев 1995 йилда туғилган. Футзалда фаолиятини ҳаваскорлар лигасида бошлаган. “Ардус”, “Пахтакор”, ОКМК футзал жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
2021 йил қишки трансфер ойнасида Бишкекнинг “Фарватер” жамоасига ўтиши режалаштирилган эди.
Кинорежиссёр Баҳром Ёқубов
11 март куни таниқли кинорежиссёр Баҳром Ёқубов 60 ёшида оламдан ўтди.
Баҳром Ёқубов узоқ йиллар "Ўзбекфильм" ва "Ўзбектелефильм" студияларида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Режиссёр кўп йиллар давомида ҳужжатли фильмларни суратга олди. У катта кинотеатрларга 2003 йилда "Сарвиноз" тўлиқ метражли фильми билан кириб келган.
Бундан ташқари, у ижоди давомида “Бахт учун миллион”, “Фотима ва Зуҳра”, “Мажруҳ”, “Супер келинчак”, “Ичкуёв”, “Зирапча”, “О Марьям, Марьям”, “Зуҳра”, “Антиқа ажрашиш” каби фильмларни суратга олган.
Ўзбекнинг “Карло отаси” – Худойберди Тўхтабоев
Ўзбек болалар ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев жорий йилнинг 21 март куни 89 ёшида вафот этди.
1958 йилдан Худойберди Тўхтабоев кейинги 14 йил мобайнида “Тошкент оқшоми”, “Совет Ўзбекистони” газеталарида 300 дан ортиқ фельетонларини чоп этади. Шунингдек, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Гулхан”, “Ғунча”, “Ёш куч” журналларида, “Ёш гвардия” ва “Камалак” босма нашрларида ижод намуналари билан иштирок этади.
Кейингроқ “Омонбой ва Давронбой”, “Сариқ девни миниб”, “Йиллар ва йўллар”, “Беш болали йигитча”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида”, “Жаннати одамлар” каби китоблари чоп этилади.
Уни кўпинча “Буратино” фильмидагидек Ҳошимжоннинг “Карло отаси” деб ҳам таърифлашарди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳайкалтарош Яков Шапиро
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳайкалтарош Яков Иосифович Шапиро жорий йилнинг 4 апрель куни 84 ёшида вафот этди
Яков Шапиронинг исми кўпчиликка таниш. Чунки у бутун дунёга танилган кўплаб асарларнинг муаллифи ҳисобланади.
Яков Шапиро Тошкент метросининг бешта бекати учун бадиий панеллар, шунингдек Максим Горький, Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳодир Шастри, Ботир Зокиров ва миллий қаҳрамон Хўжа Насриддин Афанди ёдгорликларини яратган.
Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов
Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри директори Мирза Азизов жорий йилнинг 16 апрель куни 58 ёшида коронавирус хасталиги сабаб вафот этди.
Мирза Азизов юксак даражадаги мусиқали театр актёри сифатида “Юсуф ва Зулайҳо”да Фиръавн, “Фарҳод ва Ширин”да Баҳром, “Нодирабегим” мусиқали драмасида Мадалихон, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклида Алпомиш образлари орқали томошабинлар меҳрини қозонган эди.
Ўзбекистон қаҳрамони Ҳасан Нормуродов
Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳасан Нормуродов 24 апрель куни 82 ёшида вафот этди.
Ҳасан Нормуродов узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаган, кейинчалик “Нуроний” жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси сифатида меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига катта ҳисса қўшган.
Президент фармонига кўра, 2019 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Дипломат Дониёр Обидов
Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори Дониёр Обидов жорий йилнинг 25 апрель куни коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этди.
Дипломат ва олим сифатида ҳурмат қозонган Дониёр Обидов Ўзбекистон ҳамда Беларусь ўртасидаги турли соҳадаги ҳамкорлик, хусусан маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўлида фаолият юритиб келган.
Беларусдаги “Звязда” нашриёт уйи икки давлатнинг маданий-гуманитар алоқалари равнақига катта ҳисса қўшган марҳум дипломат Дониёр Обидов хотирасини абадийлаштириш учун Минскдаги кўча ёки мактаблардан бирига унинг номини беришни таклиф қилган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов
3 май куни таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли Сурат ИкромовТошкент шаҳрида 76 ёшида вафот этди.
Сурат Икромов 2021 йил февраль ойидан буён оғир хаста бўлган. Унинг ўлимига ўпканинг сурункали яллиғланиши, қандли диабет ва простата саратони сабаб бўлган.
У 2002 йилда Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига асос солган. Ушбу ташкилот Ўзбекистонда сиёсий ва диний мотивларга асосланган кўплаб суд жараёнлари устида мониторинг ўтказган.
Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов
2021 йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимов оғир касалликдан вафот этди.
Рустам Қосимов 2017-2018 йилларда Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2018 йилдан Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фолият юритган.
У 2019 йилдан буён Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ректор сифатида ҳам ишлаб келаётганди.
Режиссёр ва актёр Баҳодир Йўлдошев
16 май Ўзбекистон кино ва театр санъати оғир жудоликка учради.Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, моҳир режиссёр ва актёр Баҳодир Йўлдошев 76 ёшида вафот этди. Баҳодир Йўлдошев узоқ давом этган хасталикдан вафот этган.
Сермаҳсул ижодий фаолияти давомида у “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
Нурафшон шаҳар ИИБ бошлиғи Наврўз Омонбоев
Нурафшон шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Наврўз Зокиржонович Омонбоев жорий йилнинг 26 май куни “Кучлик” нефть база яқинида автоҳалокатга учраб вафот этди.
У 1985 йил 21 март куни Зангиота туманида туғилган.
Омонбоев бир йилдан кўпроқ вақт давомида Нурафшон шаҳар ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонович Остонов жорий йилнинг 9 июнь куни 73 ёшида вафот этди.
У Меҳнат фаолиятини 1971 йили Республика ёшлар газетасида мусаҳҳиҳ вазифасидан бошлаган. 1990−1996 йиллари "Спорт", "Ўзбекистон футболи" газеталарида бош муҳаррир, 1996−2002 йилларда Ўзбекистон президенти девони етакчи консультант, бош консультант вазифаларида ишлаган.
2002 йилдан "Ўзбекистон овози" ва "Голос Узбекистана" газеталарида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритиб кетган.
У 2019 йилги парламент сайловларида 63-Каттақўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқ демократик партияси депутати этиб сайланган. У Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан аъзоси бўлган.
Сафар Остонов 1999 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвони билан тақдирланган.
Ёрқинжон домла Фозилов
Таниқли уламо, Фарғона вилояти Данғара тумани “Саид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжиди имом-ноиби Ёрқинжон домла Фозилов жорий йилнинг 16 июнь куни вафот этди.
Ёрқинжон Фозилов Қирғизистоннинг Боткен вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Журналист Фарида Усмонова
Ўзбекистон миллий матбуоти фахрийси, таниқли журналист ва адиба Фарида Усмонова 26 июнь куни 100 ёшида вафот этди.
Унинг меҳнат фаолиятининг асосий қисми Тошкент вилоятининг “Тошкент ҳақиқати” газетасида ўтган эди. Унинг ўндан ортиқ бадиий-публицистик китоблари, драматик асарлари ўқувчиларига етиб борган.
Унинг “Баҳор маликаси”, “Инсон қадри”, “Меҳри дарёлар” сингари рисолалари эълон қилинган. Адибанинг “Дил фарёди” романи, “Қиз келин” қиссаси чоп этилган. “Синов”, “Она бағри” драмалари саҳналаштирилган.
Фарида Усмонова 2021 йилнинг 23 январь куни 100 ёшни қаршилади. 25 июнь куни эса Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.
Профессор Темуржон Отақўзиев
2 июль куни техника фанлари доктори, профессор, силикатли қийин эрувчан нометалл материаллар технологияси ва ноорганик моддалар технологияси соҳасидаги таниқли олим Темуржон Отақўзиев 85 ёшида вафот этди.
Маълумот ўрнида, 1964—1967-йилларда Кимё институтида ишлаган, Тошкент давлат техника университетида у катта ўқитувчиликдан кафедра мудири, декан ва ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига қадар йўлларни босиб ўтган.
Унинг тадқиқот йўналишларидан бири саноат чиқиндиларини утилизация қилишга қаратилган бўлган. Хусусан, у қурилиш материаллари – цемент, гидравлик қўшимчалар ва бошқа материалларни ишлаб чиқаришда фосфор гипсни утилизация қилишнинг оптимал вариантини топган.
Темуржон Отақўзиев – 1000 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Улар орасидан монографиялар, дарсликлар ва қўлланмалар, терминологик ва изоҳли луғатлар, илмий-оммабоп рисолалар, ихтиролар учун патентлар ва муаллифлик гувоҳномалари ўрин олган. Унинг раҳбарлигида 42 фан номзоди ва 7 фан доктори ҳимоя қилган.
2007 йилда Темуржон Отақўзиев “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Депутат Абдураҳим Қурбонов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Эшонқулович Қурбонов жорий йилнинг 8 июль куни 47 ёшида коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди.
Ёзувчи Дадахон Нурий
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Дадахон Нурий 12 июль куни 78 ёшида вафот этди.
Ёзувчи Дадахон Нурий Ҳамза номидаги академик драма театрида рассом, махсус мактабларда ҳинд тили ўқитувчиси, “Гулистон”, “Гулхан” журналлари ва Ўзбекистон телевидениесида адабий ходим ва муҳаррир бўлиб ишлаган.
Дадахон Нурий сўнгги йилларда “Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар”, “Олисдаги дала боғ”, “Изтироб”, “Виждон ҳайқириқлари” каби китобларни ёзди. Асарлари ҳинд, урду, инглиз, қозоқ, корейс, турк ва рус тилларига таржима қилинган.
“Давримизнинг Авлонийси” – Тўхтамурод Жумаев
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Буюк хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, “Қоракўл мактаби” асосчиси Тўхтамурод Жумаев 14 июль куни вафот этди.
Халқ ўқитувчиси Жумаев асос солган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Натижада мактаб ўқувчиларининг 90 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинган.
Бундан ташқари, ушбу мактаб ўқувчилари математика фанидан Халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларни қўлга киритган.
Депутат Анвар Ниёзов
Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Анвар Ниёзов Бобоназарович вафот этди.
У 1983 йилда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтини тамомлаган. Анвар Бобоназарович меҳнат фаолиятини Республика “Ўздавлойиҳа” ер тузиш ва лойиҳалаш институтининг Бухоро филиалида муҳандис сифатида бошлаган.
Анвар Ниёзов ўзининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп йиллик фаолияти давомида атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш йўлида меҳнат қилган. Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида 30 йилдан ортиқ раҳбар лавозимида фаолият кўрсатиб келган.
Микробиолог олим Маҳмуд Зокиров
Микробиология соҳасида етакчи олим Маҳмуд Зокирович Зокиров 15 июль куни 93 ёшида вафот этди.
Маҳмуд Зокиров Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институтида “Микроорганизмлар ферментлари” лабораториясининг фаол ташкилотчиларидан бири бўлган ва узоқ йиллар мобайнида ушбу лабораторияни бошқарган.
Етакчи амалиётчи, моҳир устоз ва мураббий олим Маҳмуд Зокиров бактерия ва замбуруғларнинг турли фермент тизимларини ўрганиш, тавсифлаш, улардан халқ хўжалиги ва саноатда кенг фойдаланиш соҳасига улкан ҳисса қўшган.
AОКA бўлим бошлиғи Жавоҳир Қудратов
16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (AОКA) бўлим бошлиғи Жавоҳир Қудратов 38 ёшида вафот этди.
У 2004 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, 2007 йилда эса Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган.
Жавоҳир Қудратов Тошкент халқаро радиоси, Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази, “Қашқадарё” – “Новости Кашкадари” газеталари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Aхборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва яна бошқа ташкилотларда ишлаган.
Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов
Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов жорий йилнинг 18 июль куни вафот этди.
Муллажонов 1996 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
У Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи сифатида ҳам ишлаган.
Абдумажид Муллажонов Ўзбекистон Марказий банки собиқ раиси, марҳум Файзулла Муллажоновнинг ўғли эди.
ММА жангчиси Мурод Хонтўраев
ММА жангчиси Мурод Хонтўраев “Чорвоқ” сув омбори йўлида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди.
"Осиё айиғи" номи билан танилган ММA жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев иштирокидаги ЙТҲ жорий йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган. Бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокидаги тўқнашувда BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Оқибатда BMW X5 русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган Мурод Хонтўраев воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси Жасур Анорбоев тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Маълумот учун, Мурод Хонтўраев фаолияти давомида 15 та жанг ўтказган ва 12 ғалабага эришган.
“Ўзбекнаво”нинг собиқ раҳбари Азамат Ҳайдаров
Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори, сиёсий фанлар номзоди, профессор, “Шуҳрат” медали соҳиби Азамат Ҳайдаров жорий йилнинг 22 июль куни 64 ёшида вафот этди.
Бир неча йиллар масъулиятли вазифаларда, хусусан, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Академик ва халқ бадиий жамоалар бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Малака ошириш” факультети декани, “Сиёсий фанлар” кафедраси мудири, Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика илмий-методика маркази директори, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси диреткори каби лавозимларда жонкуярлик билан меҳнат қилиб, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган фидойи мутахассис эди.
Марҳум 2017 йилдан бугунга қадар Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Кимёгар олим Нусрат Парпиев
Жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, “Комплекс бирикмалар кимёси” илмий мактаби асосчиси, Халқаро олий мактаб академияси академиги, Ўзбекистон Миллий университети профессори, кимё фанлари доктори Нусрат Ағзамович Парпиев 90 ёшида вафот этди.
Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институтида лаборатория мудири, директор муовини, Ўрта Осиё нефтни қайта ишлаш саноати илмий тадқиқот институти директори бўлиб ишлаган. Шунингдек, олим бир қатор илм даргоҳларида раҳбар бўлиб фаолият юритган.
Нусрат Парпиев илк бор палладий ва кобальт бирикмаларининг шишга карши фаол таъсир этишини аниқлаган.
У 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, 1976 кимё фанлари доктори, 1981 профессор бўлган.
Профессор Ўктам Умурзоқов
Ўзбекистон олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Пардаевич Умурзоқов жорий йилнинг 26 июль куни вафот этди.
Журналист Бойбўта Дўстқораев
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист Бойбўта Дўстқораев жорий йилнинг 28 июль куни 78 ёшида вафот этди.
Бойбўта Дўстқораев умрининг асосий қисмини журналист кадрлар тайёрлашга бағишлаган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети – таҳр.) журналистика факультетида 1969 йилдан иш бошлаган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг "Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи" кафедрасининг мудири сифатида ишлаган.
2002 йилда Ўзбекистон Президентининг фармони билан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони билан тақдирланган.
Меъмор Серго Сутягин
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор Серго Михайлович Сутягин жорий йилнинг 28 июль куни 84 ёшида коронавирусдан вафот этди.
Серго Сутягин лойиҳалари асосида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносарой (“Панорама”), “Космонавтлар” метро бекати, “Аркада” савдо маркази, Чирчиқ шаҳри кириш қисмидаги Кранлар ёдгорлиги, Термиз, Урганч, Қарши ва Бухородаги аэропортлар, Нукусдаги Игор Савитский музейи қурилган.
Маълумот учун, Серго Михайлович Сутягин 1937 йилнинг 23 февралида Россия пойтахти Москва шаҳрида туғилган. Қайд этиш керакки, Москвада унинг лойиҳасига биноан Шереметево боғидаги фашизмга қарши уруш пайтида ҳалок бўлганлар хотирасига обелиск – “Хотира дарвозаси” қурилган.
Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова
Андижон вилояти Бўстон (Бўз) тумани ҳокими Садбархон Мамитова жорий йилнинг 31 июль куни вафот этди.
У 2020 йил 4 мартдан буён Бўстон тумани хокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Садбархон Мамитова ҳоким бўлгунча “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари бўлган.
Академик Марат Содиқов вафот этди
Жорий йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Марат Файзиевич Содиқов вафот этди.
Марат Файзиевич Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати эди. 2004 йилда эса Марат Файзиевич академик унвонига сазовор бўлган. Ўша йилдан бошлаб Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзосига айланган.
Унинг асарлари Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейи, Третьяков галереяси, Ўзбекистон давлат санъат музейи, шунингдек, АҚШ, Россия, Германия, Финляндия, Франция, Япония ва Италия галереялари, музейлари ва шахсий коллекцияларида намойиш қилинган.
Тарихчи олима Доно Зиёева
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими, тарихшунос олима, профессор Доно Зиёева жорий йилнинг 3 август куни вафот этди.
Олима 1990 йил “Туркистонда XIX-XX аср бошидаги миллий озодлик ҳаракати тарихшунослиги” мавзусида номзодлик, 1999 йил “1917-1924 йилларда Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатлари ХХ аср тарихшунослигида” мавзуларида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Саҳна устаси Асрол Тошкенбоев
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат сатира театрининг етакчи саҳна устаси Асрол Газибоевич Тошкенбоев 4 август куни 81 ёшида вафот этди.
1989 йили Абдулла Қаҳҳор номидаги Республика Сатира театри ташкил этилгач, Асрол Газибоевич ушбу театрнинг тамал тошини қўйган ижодкорлар сифатида шу даргоҳда иш бошлаб, вафотига қадар меҳнат қилди.
“Шайтанат”даги Aбдураҳмон табиб роли ижрочиси Муҳаммад Рафиқов
Жорий йилнинг 11 август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, санъат арбоби, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммад Рафиқов 81 ёшида вафот этди.
Aктёр ва режиссёр Муҳаммад Рафиқов “Бобур” телефильмида Шайбонийхон, “Aмир Музаффархон”да Музаффархон, “Ҳаким ва ажал” видеофильмида Ибн Сино, “Имом ал-Бухорий” сериалида Aл-Бухорий, “Соҳибқирон” сериалида Aмир Темур, “Шайтанат” видеофильмида Aбдураҳмон табиб, “Қўқон шамоли” фильмида Шайх ул-Ислом каби 50 дан ортиқ образларни маҳорат билан ижро этган.
Нурлибек Мирзамуратов
Жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Юсупович Мирзамуратов 58 ёшида оламдан ўтди.
У 1990 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган, мутахассислиги бўйича мухандис-қурувчи. “Aдолат” социал демократия партияси аъзоси, 2012-2014 йиллар оралиғида Халқ депутатлари Мўйноқ тумани Кенгеси депутати, 2014-2019 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати бўлган.
Нурлибек Мирзамуротов 2018 йил октябрь ойидан умрининг охирги кунларигача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори лавозимида самарали фаолият юритиб келган.
Ватан олдида кўрсатган фидокорона хизматлари эътиборга олиниб, 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Муфтий Усмонхон Алимов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 15 август куни 71 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Усмонхон Алимов Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом-ноиб, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.
2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган. 2006 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётганди.
Мансурбек Машарипов
15 август куни Ёшлар ишлари агентлигининг Беш ташаббус лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Мансурбек Машарипов 38 ёшида вафот этди.
Мансурбек Машарипов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тизимида узоқ йиллар меҳнат қилг
Тасодифий хабарлар
Илон Маскнинг бойлиги кескин ошиб кетди
Cobalt, Spark, Nexia ва Lacetti учун шартнома бериш 1 февралдан қайта тикланмайди
Ўзбекистонда нодавлат телетармоқ иш бошламоқда
Таъзия
Гиннес рекордлар китобига киритилган Доғистондаги тўй