Юракни қувватлантирадиган ва унга зарар етказадиган маҳсулотлар

Юракни қувватлантирадиган ва унга зарар етказадиган маҳсулотлар

Юракнинг энг катта душмани — қизил гўштдир.

Юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиришда таомномага нафақат мазкур тизим учун фойдали егуликларни киритиш, балки зарарли маҳсулотларни чиқариб ташлаш ҳам муҳим, дея “La Vanguardia” испан газетасида ёзади кардиолог Пабло Канепа.

Қизил гўшт таркибида тўйинган ёғлар кўп бўлиб, уни истеъмол қилишни чеклаш, унинг ўрнига моно- ва ярим тўйинган ёғларни танлаган маъқул. Ёнғоқ, зайтун ёғи, кунгабоқар пистаси, авокадо, балиқнинг айрим турлари уларнинг манбаи ҳисобланади.

Кардиолог таомномага гўштнинг парҳезбоп турлари, масалан, товуқ гўштини киритишни маслаҳат беради.

Бундан ташқари, нонуштага ёрма ва пишириқларни, шунингдек, ярим тайёр маҳсулотларни — тайёр ва музлатилган пирог, пицца, пасталарни емаслик зарур. Бундай таом трансёғларга бой бўлиб, “ёмон” холестерин даражасини оширади, вазн тўплашга олиб келади ва юрак-қон томир касалликлари ҳамда иккинчи тип диабет хавфини оширади.

Канепа алкоголсиз энергетик ичимликларни истеъмол қилишни тавсия этмайди — уларнинг таркибида кофеиндан ташқари қанд ва зарарли қўшимчалар бисёр.

Энергетиклар нерв тизимига тўлқинлантирувчи таъсир кўрсатади. Бу ўз навбатида юрак мушаги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Кардиолог юқори қон босими билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш учун туз истеъмолини чеклашни таъкидлаган. У Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тавсиясига кўра, кунлик туз меъёри икки граммдан ошмаслиги зарурлигини ёдга солади.

Америка кардиология ассоциацияси бу меъёрни 1,5 граммгача қисқартиришни маслаҳат беради. Канепанинг айтишича, тайёр таомда 1 граммгача туз бўлади, шу боис кунлик дозани ошириб юбориш жуда осон.

Шифокорнинг сўзларига кўра, алкоголдан ҳам бош тортиш керак. Чунки у юрак тўхтаб қолиши, миокард инфаркти, шунингдек, мия шикастланиши хавфини оширади. Шунингдек, қаймоқ ва сариёғ истеъмолини чеклаш фойдадан холи бўлмайди, дейди кардиолог.

Канепанинг таъкидлашича, юрак-қон томир тизимини назорат қилаётган одамлар, яхшиси, гўшт истеъмоли чекланган, мева-сабзавотлар, ёнғоқ, дуккаклилар, балиқ ва зайтун ёғига бой Ўрта Ер денгизи парҳезини танлаганлари маъқул. Шунингдек, ҳар куни 45 дақиқа жисмоний фаолликка вақт ажратиш ва зарарларни одатларни ташлаш муҳим.

×