Йўқотилган Александрия асли қаерда — Афғонистон ёки Ўзбекистонда?

Йўқотилган Александрия асли қаерда — Афғонистон ёки Ўзбекистонда?

Бугун «Севимли» телеканалида «Йўқотилган Александрия. Амударё қирғоғидаги Искандар Мақдуний қалъаси» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов ва Фанлар академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Ртвеладзе иштирок этди.

Анжуман давомида Эдвард Ртвеладзе томонидан Сурхондарё вилоятида, Амударё бўйларида жойлашган Кампиртепа ёдгорлиги ўрнида қадимги Окс бўйидаги Александрия шаҳри жойлашгани ҳақида илмий маълумот тақдим этилди

— Қирқ йиллик меҳнатларим натижаси ўлароқ айтишим мумкинки, йўқотилган Окс бўйидаги Александрия шаҳри айнан Кампиртепа ўрнида жойлашган. Бу борада жуда кўп тадқиқотлар ўтказдим. Хусусан, Птоломей харитаси билан ҳам иш олиб борганмиз.

Баъзи олимлар Афғонистондаги Ойхоним ҳаробалари ўрнида Окс Александрияси бўлганини айтишади. Аммо менинг фикрим бошқача. Александр Македонския Ўрта Осиёни забт этганида аскарлари ва саркардаларини маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган қизларга уйлантирган. Унинг саркардаси Салавка сўғд маликаси Алама билан турмуш қуради. Мана шу никоҳдан Салавкийлар давлатини бошқарган Антиох I туғилган. Ҳа, Антиохнинг томирларида сўғд қони оққан.

Ойхоним — жуда катта ва буюк шаҳар бўлган. Аммо у сал кейинроқ, айнан Салавкийлар давлати гуркираган даврда қурилган ва унинг номи Окс бўйидаги Александрия эмас, балки Антиохия бўлган, — дейди Ртвеладзе.

×