АҚШ ва Хитой ўртасидаги эҳтимолий можаро барча учун ҳалокатли бўлади – Блинкен

АҚШ ва Хитой ўртасидаги эҳтимолий можаро барча учун ҳалокатли бўлади – Блинкен

Америка Қўшма Штатлари Хитой билан рақобати можарога айланиб кетишига йўл қўймаслик тарафдори. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. 

“Президент (Жо) Байден ўтган ой Хитой раҳбари Си Цзиньпинга шундай деган эди: биз мамлакатларимиз ўртасидаги рақобат зиддиятга айланмаслиги учун масъулиятни чуқур ҳис қиламиз. Биз бу масъулиятни ўта жиддийлик билан ўз зиммамизга оламиз”, деган Блинкен. 

Америка дипломатияси раҳбари, акс ҳолда бундай можаронинг оқибатлари “барча учун ҳалокатли бўлишини” таъкидлаган. 

Сўнгги пайтларда АҚШ Хитойни Тайвань атрофида ҳарбий фаолликни оширганликда айбламоқда. Ўтган ҳафта Оқ уй Қўшма Штатлар орол эгаллаб олинишининг олдини олиш учун ҳамма нарса қилишини айтган. 

Пекин эса Вашингтонни Тайвань мустақиллиги тарафдорларини қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилади. Қўшма Штатлар бирлашган Хитой сиёсатини расман тан олади, лекин Тайвань билан кенг алоқаларни сақлаб қолади. 

Маълумот ўрнида, ХХР ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп президентлиги даврида, Қўшма Штатлар савдо урушини бошлаб, Хитойнинг технологик компаниялари, жумладан Huawei ва ZTE’га ортиқча босим ўтказа бошлаганида кескин ёмонлашди. 

Пекин анъанавий тарзда Вашингтоннинг барча ҳаракатларига норозилик билдиради, айбловларни рад этади ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни тўғри йўлга қайтаришга чақиради. Байден ҳокимият тепасига келганидан сўнг ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларда илиқлик аломатлари сезилмади.

×