Рим империяси даврига оид улкан оёқ кийими топилди

Рим империяси даврига оид улкан оёқ кийими топилди

Буюк Британияда археологлар эрамизнинг илк асрларига оид Рим қалъаси ҳимоячилари томонидан кийилган улкан оёқ кийимини топди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қалъага туташ Магна ҳарбий истеҳкоми харобаларидан топилган, теридан ясалган оёқ кийимнинг таглиги 32,6 сантиметр узунликда бўлиб, замонавий ўлчамда 46-ўлчамга тўғри келади. Бу эса ўша давр одамлари учун одатий бўлган оёқ ўлчамидан анча катта. Шу сабабли археологлар қалъа ҳимоячиларининг ким бўлганини аниқлашга уринмоқда. 

Топилма Британиянинг шимоли-ғарбий чегарасини босқинчилардан ҳимоя қилган, 117 километрга чўзилган Ҳайдриан девори бўйлаб жойлашган Магна истеҳкоми ҳудудидан аниқланган. Бу оёқ кийим қалин қорамол терисидан тайёрланган бўлиб, темир михлар билан мустаҳкамланган.

“Биз бу пойабзални изоҳлашга ҳар хил ёндашдик. Балки бу қишки оёқ кийим бўлиб, ичига жун пайпоқ солиб кийган бўлишлари ҳам мумкин. Аммо кейинчалик яна шундай катта ўлчамдаги оёқ кийимлар топилганидан сўнг, бу одамларнинг оёқлари ҳақиқатан ҳам жуда катта бўлган деган хулосага келдик”, деган қазишма ишларида қатнашган археологлардан бири. 

Магна қалъаси тахминан милодий 85 йилда қурилган. Ҳар бир неча йилда у ерда навбатчилар алмашиниб турган. Қалъа деворларига туширилган ёзувларда бу ерда ҳозирги Сурия ҳудудидан борган камончилар, Хорватия ва Сербиядан бўлган аскарлар, шунингдек, нидерландияликлар хизмат қилганини кўриш мумкин. Аммо ҳар бир гарнизон қанча муддат хизмат қилгани номаълум.

Тахминларга кўра, аскарлар баъзан қалъани шошилинч тарк этган, оқибатда оёқ кийим, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни атрофдаги хандақларга ташлаб кетган.

Археологларнинг фикрича, қадимий пойабзалларнинг бугунги кунгача яхши сақланиб қолишига ўша даврда қўлланилган терига ишлов бериш технологиялари сабаб бўлган. Улар ўсимлик асосидаги моддалар ёрдамида сув ва иссиқликка чидамли қоплама ҳосил қилган.

Олимлар энди бу пойабзал эгаларини чуқурроқ ўрганиш учун унинг кийилганлик белгилари ва ичидаги оёқ изларини текширади. Улар оёқ шакли орқали ўша давр одамлари тузилишини моделлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Магна истеҳкомидаги қазишмалар давом этмоқда. Археологлар бу топилмалар орқали илк асрларда бу ҳудудда яшаган одамлар ҳаёти ҳақида чуқурроқ маълумот олишга умид қилмоқда.


×