Ўзбекистонда коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги икки нафар маҳкум муддатидан аввал озодликка чиқарилди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги икки нафар маҳкум муддатидан аввал озодликка чиқарилди

Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳбусларнинг 9 фоизи коронавирус касаллигига чалинган. Бу ҳақда 28 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов маълум қилди.

«Албатта, жазони ижро этиш муассасасида ҳам коронавирус касаллиги қайд этилди. Биз коронавирус инфекциясига қарши даволаш меъзонларини ишлаб чиққан эдик. Енгил ва симтомпсиз шаклдагиларни биз тизимнинг ўзида, ўрта ва оғир шаклдагиларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 4 та касалхонада даволадик. Шуни таъкидлаш керакки, ўрта ҳисобда маҳбусларнинг 9 фоизи касалликка чалинган. Лекин бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмади», — деди Баҳодир Юсупов.

Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимига олиб чиқиб Қашқадарё ҳамда Бухоро вилоятида даволанаётган шахслар Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) ва жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасига (товламачилик) биноан оғир аҳволдаги икки нафар бемор муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

Шунингдек, республикада 2021 йил 1 январь ҳолатида пробация бўлимларида 57 минг 36 нафар шахс назорат остида турибди. Улардан 52 минг 73 нафарини эркаклар, 4 минг 963 тасини аёллар, 16 минг 186 нафарини ёшлар, 189 нафарини эса вояга етмаган шахслар ташкил этади.

«Ҳозирги кунда барча тарбия колонияларида жазони ўтаётган маҳкумлар меҳнатга жалб қилинмасдан ўқиш билан банд. Хусусан, вояга етмаганларнинг 25 нафарига махсус ҳайдовчилик гувоҳномалари берилди», — деди Юсупов.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда жазони ўтаётганлар учун бир қатор қулайликлар ҳам яратилган бўлиб, 2021 йилнинг 1 февралидан бошлаб маҳкумлар ва уларнинг яқинлари учун онлайн режимида масофавий видеоучрашув тақдим этилади.

«Биринчи марта озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахслар жазони енгилроғига алмаштириш тартибида тўғридан-тўғри пробация назоратига ўтказилади. Бунинг натижасида, манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сонининг тизимли қисқариб бориши ҳисобига манзил-колониялари сони 25 тагача қисқартирилади ва мақбуллаштирилади», – деди Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов.

Аввалроқ Жазони ижро этиш ходимлари шахсий видеорегистратор (бодикамера) билан хизмат ўташлари жорий қилиниши ва ҳозирда Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасасида тест режимида синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Маълумот учун, 2021 йил 28 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 78 минг 602 (+46) нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 897 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида..

×