“Техпаспорт” беришдаги узилишлар сабаби айтилди

“Техпаспорт” беришдаги узилишлар сабаби айтилди

​​​​​​​Транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни беришда мурожаатчилар сони икки баробарга ошгани ҳисобига узилишлар кузатилди, дея маълум қилди ЙҲХББ. Масъуллар муаммо бартараф этилгани, талабнинг кескин ортиши гувоҳномаларни янгилаш муддатлари билан боғлиқ бўлганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома (“техпаспорт”) йўқлиги сабаб фуқаролар овора бўлаётгани тўғрисида хабар тарқалди. Унда айтилишича, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига тегишли Тошкентдаги бўлимларга борган автомобил сотиб олганлар автомашинани қайд этиш гувоҳномаси йўқлиги сабаб сарсон бўлишган.

Хабар муаллифи ички ишлар вазирига мурожаат қилиб, ҳолат учун бош бошқарма раҳбарлари узр сўраши кераклигини ёзган.

ЙҲХББ масалага изоҳ бериб, чиндан ҳам шундай ҳолат бўлгани, ҳозирда узилишларга барҳам берилганини маълум қилди ва автомашина эгаларидан узр сўради.

Бошқармага кўра, пластик шаклдаги гувоҳномалар ҳукумат қарори билан 2017 йил 1 октябрдан жорий этилган ва дастлаб ҳар ой 60 мингдан 70 мингтагача берилган.

Бироқ 2021 йил 31 декабргача гувоҳномаларни алмаштириш зарурлиги белгилангани учун охирги ойларда “техпаспорт”ларни қайта расмийлаштириш бўйича мурожаатлар сони кескин ортиб кетган. Натижада бир ойда берилаётган гувоҳномаларнинг умумий сони 140 мингни ташкил этмоқда.

“Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 690-сонли қарори талабларига асосан, гувоҳномаларни алмаштириш муддати узайтирилди. Гувоҳномаларни алмаштириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш белгиланди (биринчи босқич – 2022 йил 31 мартгача, иккинчи босқич – 2022 йил 30 июнгача, учинчи босқич – 2022 йил 30 сентябргача, тўртинчи босқич – 2022 йил 31 декабргача).

Шу билан бир қаторда, охирги ойларда мурожаатлар сони олдинги ойларга нисбатан салкам икки баравар ошиши оқибатида гувоҳномаларни беришда айрим узилишлар юзага келмоқда. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан гувоҳномалар учун буюртмалар сони кўпайтирилиб, ҳудудларга тарқатилди ва мазкур узилишларга барҳам берилди.

Юзага келган ноқулайликлар учун Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси автомототранспорт воситалари эгаларидан узр сўрайди”, – дейилади ЙҲХББ изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани алмаштиришнинг янги муддатлари қуйидагича:

  • 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
  • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
  • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

×