Тошкентда савдогарлардан “солиқ” йиғган аёл ушланди

Тошкентда савдогарлардан “солиқ” йиғган аёл ушланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Юнусобод тумани фуқароларидан “солиқ” йиғиб юрган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Л. исмли фуқаро Юнусобод бозори атрофидаги ерости йўлагида кийим-кечак сотадиган савдогарларга бу ҳудуд унга қарашли эканини айтиб, жой учун ойига 250 доллардан пул олган. Фирибгарликда айбланаётган ушбу шахс 2021 йилнинг февраль ойидан ноябрь ойига қадар фуқаролардан 73 млн сўм ундирган. 

Мазкур ҳудудда 9 ойдан бери савдо қилаётган савдогарлардан бири дастлаб 1,5 млн, май ойидан бошлаб эса 5 млндан солиқ тўлаётганини айтади.

“Юнусободда савдо қилиш учун жой бор деб эшитдим, шу учун келгандим. Қарасам, узун жой турган экан, суриштирсам Л. опаники бўлиб чиқди. Шу жойда савдо қилсак бўладими десам, ижара ҳақи ойига бир ярим млн сўмдан бошланишини айтди. Март-апрель ойларида 1,5 млн сўмдан бердим. Кейин “ҳар бир столга 1,5 млн сўмдан берасиз”, деди. Майдан бошлаб шу пайтгача 5 млн сўмдан тўлаб, ишлаб келяпман”, дейди савдогарлардан бири. 

Алданиб қолган савдогарнинг сўзларига кўра, Л. “солиқ”ларни ойнинг ҳар 10-куни қабул қилиб олган. Агар пул вақтида берилмаса, ойига 6-7 млн сўм "солиқ" тўлайдиганлар борлигини, ёқмаса чиқиб кетишини айтиб таҳдид қилган. 

“Айбимни тан оламан. Бир аёлдан савдо қилиши учун 200 доллар пул сўрадим, у бераман деди. Ўша пулни олаётган пайтимда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, қамоққа олиндим. Қилган ишимдан афсусдаман. Адашдим, узр сўрайман”, дейди у айбига иқрор бўлиб.

Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур ҳолат юзасидан Л. исмли шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

×