Коррупция – тараққиёт кушандаси

Коррупция – тараққиёт кушандаси

Наманган вилояти маъмурий суди ва Наманган туманлараро маъмурий судининг судьялари томонидан “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида Наманган вилоят Прокуратураси билан ҳамкорликда Наманган давлат Университетининг юридик факультети ва Наманган вилояти Юридик техникум талабалари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Наманган вилоят маъмурий суди раиси З.Курбонова Ўзбекистон Республикасида, шунингдек, суд тизими фаолиятида Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниши, ушбу қонунда коррупция атамасига таърифдан тортиб, унга қарши курашиш, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, коррупцияга қарши жавобгарлик, бу масалада халқаро ҳамкорлик каби барча муҳим жиҳатлар қайд этилгани ва коррупциянинг салбий оқибатларига алоҳида тўхталиб ўтар экан, бўлажак ҳуқуқшунос сифатида ҳар бир талаба ўзининг намунали хулқи, одоби ҳамда билими, яхши ўқиши билан коррупцияга қарши курашишда ўзини кўрсата олиши мумкинлигини таъкидланди.

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси Н.Тожиева ўз маърузасида коррупцияга қарши курашишда аввало ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш лозимлигига тўхтаталар экан, у ўз нутқида: “Кўпчилик коррупция сўзини тор маънода, яъни, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб содир этишадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмишларини тушунишади. Бироқ бу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “эврилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади. Миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида, коррупцияга қуйидагича таъриф берилган. Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. Демак, кенг маънода коррупция деганда бу мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўрлик жиноятларига оид қилмишлари, балки, ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суистеъмол қилиб шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳомийлик, маҳаллийчилик, “таниш-билиш”чилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйишлари ҳам назарда тутилади”, деб тушунтиришлар берди.

Шундан сўнг, Наманган вилоят прокурорининг ёрдамчиси Ж.Музаффаров Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларидан бири бу прокуратура органлари эканлигини ва коррупция жинояти учун қонунда белгиланган жавобгарлик масаларига тўхталди.

Тадбир сўнгида давра суҳбатида фаол қатнашган талабаларга Наманган вилояти маъмурий судининг эсталик совғалари топширилди.

×