Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммити ишида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвий, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин ва ИҲТ бош котиби Ҳусрав Нозирий ҳам иштирок этди.
ИҲТни жадал ривожланаётган ташкилот сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, «яшил» иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ривожлантириш масалалари йиғилиш кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.
Ўзбекистон раҳбари саммитдаги нутқида Туркманистонни ташкилотга самарали раислик қилгани билан табриклади ҳамда жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан шериклик тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинганининг муҳим аҳамиятини қайд этди.
«Тарихи, дини, урф-одат ва анъаналари яқин бўлган биродар халқларимиз азалдан савдо-сотиқ алоқалари ва маданий ришталар билан чамбарчас боғланган. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ўтган давр мобайнида улкан иқтисодий салоҳиятга эга йирик минтақавий тузилмага айланди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакат етакчиси ташкилот доирасида кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.
Президент халқаро ва минтақавий вазиятга, давом этаётган пандемия шароитидаги иқтисодий қийинчиликларга эътибор қаратиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.
«500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Қабул қилинган «ИҲТ истиқболлари – 2025» концептуал дастури асосида, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир», – деди Ўзбекистон Президенти.
Шу муносабат билан ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф қилинди. Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарур.
Мамлакатларимизда ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш бугунги кун талаби экани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мамлакатларимиз иқтисодиётларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг реал механизми сифатида Шавкат Мирзиёев БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун (СПЕКА) Махсус дастури билан ҳамкорликда Ташкилотимиз доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди.
Яна бир муҳим йўналиш – минтақамиздаги мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш.
Давлатимиз раҳбари минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш муҳим эканини таъкидлади.
Бу режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларимизнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Глобал иқлим кун тартиби тобора долзарб бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, саммит «яшил» иқтисодиётга ўтишни давом эттириш масалаларини кўриб чиқди. Етакчилар бу борада фаол ҳамкорлик қилиш, жумладан, углерод нейтраллигига эришиш учун саноат тармоқларида экологик тоза ва ресурстежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш зарур эканини таъкидладилар.
Шу мақсадда Шавкат Мирзиёев халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этди.
Сайёҳлик алмашинувини қайта тиклаш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди. Ушбу ташаббус доирасида зиёрат туризми» ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилади.
Давлат раҳбари қўшни Афғонистондаги вазият ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда», – деди Шавкат Мирзиёев. Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди.
Шу боис афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак.
Шунингдек, Афғонистон билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш тарафдоримиз.
Саммитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш, институционал механизмларини ва етакчи халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бу борада Ўзбекистон Президенти ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурди.
Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Президентимиз ИҲТда 2022 йилни Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.
Саммит якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди. Ушбу ҳужжат аъзо мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги муҳим устувор интилишларини ўзида мужассам этди.
Давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда ташкилот бош котиби Ўзбекистонни 2022 йилда ИҲТга раисликни қабул қилиб олгани билан табрикладилар.
Президент Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан билдирилган самимий тилаклар учун миннатдорчилик билдириб, учрашув иштирокчиларини Ўзбекистонда ўтказиладиган навбатдаги саммитга таклиф қилди.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда Cobalt она ва унинг 6 ёшли қизини уриб юборди
АОКА «Дарё» мухбири ва ИИБ ходими ўртасидаги воқеа юзасидан баёнот берди
Мансабдор катта пул билан ушланди
“Амирсой”га олиб борувчи йўлда кўчки юз берди
Ўзбекистонда 13 март ҳашарида экилган мевали дарахтларнинг салкам 30 фоизи Наманганда ўтқазилди