Марказий Осиё етакчилари Россия сценарийси бўйича ҳаракат қилиб, ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтирмоқчи. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар бермоқда.
“Ўтган ҳафта Ўзбекистон аҳолиси тахминан бир соат давомида ижтимоий тармоқларсиз ҳаётнинг “таъмини ҳис қилди”. Маҳаллий маълумотларни сақлашни талаб қилувчи янги қонун туфайли Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва бошқалар блокланди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бундан жуда норози бўлди ва ҳукумат тезда орқага чекинди. Тез орада ижтимоий тармоқларга кириш тикланди”, деб ёзади “The Washington Post”.
Нашрнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари Москва сингари, цензурани кучайтираётгани сабабли жамоатчиликнинг норозилигидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур.
Россия мунтазам равишда технология гигантларини мамлакат томонидан тақиқланган контентни олиб ташлашдан бош тортгани учун жаримага тортиб келмоқда, бироқ расмийлар YouTube каби машҳур тармоқларни бутунлай “қора рўйхат”га киритишга иккиланиб турибди.
“Россиянинг шундай уринишларидан бири – Telegram’ни блоклаш ҳаракати, охир-оқибат Кремлда келишмовчиликларга олиб келди. Telegram ўз фаолиятини давом эттирди ва ундан ҳали ҳам фойдаланаётган одамлар орасида таниқли давлат амалдорлари бор эди. Март ойида Россия интернет-регулятори ствакани пастроқ олиб, Twitter’ни секинлаштиришни танлади, чунки Twitter Россияда машҳур эмас”, дейилади хабарда.
“Freedom House” ташкилотининг интернет эркинлигига баҳосига кўра, Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам “эркин эмас”. Тожикистон ва Туркманистон умуман рейтингга кирмаган, бироқ ташкилот уларнинг иккиси ҳам ҳукуматга қарши фикрларни бостириш учун ахборот порталлари ва ижтимоий медиа платформаларининг “оммавий ёпилишидан” фойдаланганини таъкидлаган. Марказий Осиёда фақат Қирғизистон интернет очиқлиги даражаси бўйича “қисман эркин” деб баҳоланган.
“Ўйин қоидаларини асосан Москва ўрнатади”, дейди сиёсий таҳлилчи ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Россияда парламент депутатлиги учун сайлов жараёнлари бошланиши биланоқ, Apple ва Google Россиядаги онлайн дўконидан мухолиф кучларнинг иловасини ўчириб ташлади.
Қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳамкорлари томонидан яратилган илова Президент Владимир Путинга қарши бўлган россиялик сайловчиларга ғалабани Путинга топширмайдиган тарзда овоз беришда ёрдам бериш учун мўлжалланган эди. Бироқ Роскомнадзор Apple ва Google’ни сайловчиларга иловани юклаб олишга рухсат бериб, Россия сиёсий ишларига аралашганликда айблади ва уни интернет дўконларидан олиб ташлашни талаб қилди. Россия ҳукумати компанияларга босим ўтказишга муваффақ бўлди ва уларнинг маҳаллий ходимларини жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди.
Қозоғистондаги рақамли ҳуқуқ фаоллари сентябрь ойида парламентдаги ҳукмрон партия хорижий технология компаниялардан мамлакатда офисларини очишни талаб этувчи қонун лойиҳасини илгари сурганида, мамлакат ушбу Москвадан нусха кўчиришга уринаётганидан қўрқишганди. Қонун лойиҳаси болаларни ҳимоя қилиш чораси ва киберҳужумларга чек қўйиш усули сифатида ишлаб чиқилган бўлса-да, фаоллар буни сўз эркинлигини чеклаш ва ҳукумат танқидчиларининг овозини ўчиришга уриниш деб ҳисоблади.
Ўтган ҳафта Қозоғистон ҳукумати Facebook билан “зарарли контент бўйича яқин ҳамкорлик тўғрисида” қўшма баёнот эълон қилди.
Қозоғистон баёнотига кўра, ҳозирда Meta номи билан машҳур бўлган Facebook мамлакат ҳукумати Facebook’нинг контент ҳақида хабар бериш тизимига тўғридан-тўғри ва эксклюзив кириш ҳуқуқини тақдим этган. Бу эса ҳукуматга Facebook’нинг глобал контент сиёсати ва маҳаллий қонунларни бузиши мумкин бўлган контент ҳақида хабар беришда ёрдам бериши мумкинлиги айтилган. Аммо бу баёнот Facebook’дан мустақил равишда чоп этилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистонда Skype, Twitter, TikTok ва Россиянинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларига кириш чекланганди. Кейинроқ эса уларнинг қаторига WeChat ҳам қўшилди. Бироқ бу сайтларнинг блокланиши Telegram’нинг узилиши каби норозиликларни келтириб чиқармади. 35 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистонда 18 миллион киши Telegram’дан фойдаланади.
Бу блоклаш ортидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот котиби Ўзбекистон интернет-регулятори раҳбари “нотўғри ва номувофиқ хатти-ҳаракатлари” учун ишдан бўшатилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 ноябрь куни соат 19:30 лар атрофида Ўзбекистонда “Мой Мир”, “Одноклассники”, “Youtube”, “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ва “Linkedn” каби мессенжер ва ижтимоий тармоқлар фаолиятида узилишлар кузатила бошланди. Кейинроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ушбу платформаларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритгани маълум бўлди.
Орадан кўп ўтмай, ушбу тармоқлар фаолиятига қўйилган чеклов расман бекор қилинди. Чекловни ўрнатган ташкилот Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси раҳбари Ғолибшер Мелибоевич Зияев Бош вазир қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Барча иш ғиштдан кўчиб бўлгач, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий маълумот билан чиқиб, узилишларга "Ўзтелеком" АК ускунасидаги носозлик сабаб бўлганини айтди. Орадан кўп ўтмай бу баёнот ўчирилди.
4 ноябрь куни интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Тасодифий хабарлар
Наманганда мактаб биносининг фаоллар хонасида ёнғин содир бўлди
Путин урушни чўзмоқчи: бунинг сабаби маълум қилинди
Ўзбекистоннинг қайси вилояти коррупция борасида етакчи эканлиги айтилди
Путин Россия билан муносабатларни ёмонлаштираётган давлатларни огоҳлантирди
Тезкор: Махсус комиссия Мустақиллик байрами бўйича қарор қабул қилди