Каримовлар оиласи Москванинг ҳашаматли пентхаусига эгалик қилади (фото)

Каримовлар оиласи Москванинг ҳашаматли пентхаусига эгалик қилади (фото)

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг оиласи Москвадаги уч қаватли пентхауснинг эгаси ҳисобланади. Унинг нархи 1,6 миллиард рублга ёки 22 миллион 460 минг долларга тенг. Бу ҳақда “База” ёзмоқда.

Суриштирув маълумотларига кўра, ушбу пентхаус “Radisson” меҳмонхонаси биносида жойлашган ва айни вақтда у сотувга қўйилган. Нархи эса юқорида қайд этилганидек, 22,4 миллион АҚШ долларидан сал юқорироққа баҳоланган. Шунингдек, ижара ҳақида ҳам сўз бориб, пентхаусга бир ой эгалик қилиш 3 миллион рубль ёки 42 минг доллар этиб белгиланган.

Сотув ҳақидаги эълонда пентхауснинг ички қисми учун табиий материаллар, итальян мармари, оникс ҳамда табиий ёғочдан фойдаланилгани ҳақида сўз боради. Мебель эса “Roberto Cavalli” ва “Versace” каби жаҳон брендларидан эканлиги айтилган.

Источник: www.cian.ru

Пентхаус минорадаги 11-қаватдан бошланади. Ушбу қаватда ҳаммом ва кийиниш хоналари бўлган иккита ётоқ хона ҳамда ошхона ва кенг зал мавжуд. 12-қаватда эса меҳмонхона ва кир ювиш хонаси жойлашган. 13-қаватда офис кўринишидаги хона ҳамда Москва дарёси, Оқ уй ва бизнес марказини кўриш мумкин бўлган терраса бор. Бундан ташқари, ушбу пентхаус Москвадаги энг қиммат турар жойлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган. Майдони 500 квадрат метрни ташкил қилади.

Қайд этилишича, жорий йил май ойидан буён пентхаусга Каримовнинг беваси Татьяна Каримованинг жияни – синглиси Тамара Собированинг ўғли Анвар Абдуллаев эгалик қилади.

Маълумот учун, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон эса айни вақтда Лондонда таҳсил олмоқда. Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.

Оила фарзандлари ўртасида муносабатлар ҳам кўнгилдагидек эмас. Хусусан, Лола Каримова 2013 йилда халқаро оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдирки муносабатлари яхши эмаслигини айтган.

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов эса 2016 йилда ОАВга интервью бериб, онаси ва холаси Лола Каримова ўртасидаги зиддиятларда марҳум бобосини айблаганди.

×