Қорақалпоғистонда «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий этилади – Шавкат Мирзиёев

Қорақалпоғистонда «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий этилади – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашди.

5 йил давомида Қорақалпоғистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга жами 17 триллион сўм йўналтирилган.
Бюджетдан 4 триллион сўм, халқаро молия ташкилотларидан 444 миллион доллар ҳамда 10 триллион сўм банк кредитлари ажратилган.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг энг катта масалаларидан бири бу – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш ҳисобланади, деди.

“Темир дафтар”га кирган 32,5 минг оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлган 45 минг нафар ишсиз аъзоси бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, йил бошидан “ижтимоий реестр” жорий қилиниб, 100 мингдан зиёд оилага (жами оилаларнинг 24 фоизи) ижтимоий нафақа ва ёрдам бериш йўлга қўйилди. Бу олдинги йилларга нисбатан 2,5 бараварга кўп.

Сабаби, олдин бундай оилаларни ҳисобга олиш, ижтимоий ёрдам бериш мезонлари аниқ ва шаффоф эмас эди. Оқибатда, ёрдам кўлами йилига 40 минг оиладан ошмаган.

Бу ишлар билан чекланиб қолмасдан, ушбу оилалардаги 80 мингдан зиёд аҳолини  касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиб, молиявий кўмаклашиб, уларни доимий даромад манбаига эга қилишимиз керак. Келгуси беш йилда 200 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келишини ҳам, ҳисобга олишимиз зарур.

Қорақалпоғистон сайловчилари билан учрашувда ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев оғир масалалар сифатида аҳолини ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш, аҳоли саломатлигини тиклаш (355 минг аҳоли юқори хавфга кирувчи сурункали касалликка чалинган), аҳолига уй-жой қуриш (20 мингдан ортиқ оилага уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжи бор) ҳамда таълим тизимидаги муаммоларни тилга олди ва уларни ҳал этиш бўйича 5 йиллик Дастур режалари билан  таништирмоқда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг 422 та маҳалласида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилишини маълум қилди.

Улар маҳаллада тадбиркорларнинг лойиҳаларига ёрдам беради, касб-ҳунарга ўқитиш, томорқа, бўш ер ва бинолардан унумли фойдаланишни ташкил этади. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш,  жон бошига даромадни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади.

Ҳоким ёрдамчилари қўлида ўзининг бюджети бўлади, маҳаллага бириктирилган солиқ, банк, йўл ва бошқа идоралар ходимлари билан бирга ишлайди.

×