ИИБ ходимларини каламуш, дейиш ҳақоратга кирмайдию, “мент” сўзи кирадими? – Кушербоев автоблогер Ғаниев воқеаси бўйича ИИВ юзланди

ИИБ ходимларини каламуш, дейиш ҳақоратга кирмайдию, “мент” сўзи кирадими? – Кушербоев автоблогер Ғаниев воқеаси бўйича ИИВ юзланди

Ўзбекистонда Йўл-патруль хизмати ходимлари фаолиятини ёритиш билан шуғулланиб келган блогер Бобур Ғаниев ички ишлар органи ходимларини ҳақорат қилгани учун ҳибсга олиниши муҳокама мавзуси бўлиб турибди. Кимдирлар у чиқишларида этика қоидаларини бузиб келганини айтса, бошқалар ички ишлар органлари ходимлари уни ҳибсга олиб, “на колени” ўтирган видеосини тарқатиб юборганини қоралаяпти.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев блогернинг ҳибсга олинишига муносабат билдириб, қатор саволларни ўртага ташлади.

“Бобур Ғаниев исмли блогер Учтепа туманида ИИБ ходимларини “мент”, деб ҳақорат қилгани ва шахсий телефонида порнографик материаллар борлиги учун ушлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Яна блогер жамоат тартибини бузди, деган айб ҳам қўйилган.

Қизиғи фуқарони сўроқ қилиш жараёни тармоқларга атайин тарқатилаяпти.

Виждон нималигини билмайдиган ва бунинг учун блогерлардан кўп танқидга учрайдиган судъя ва прокурорлар ҳам ишлаётган бир вақтда блогернинг жамоат тартибини бузмаганини исботлаш кўрсаткичи нолга тенг”, дейди Кушербоев.

Депутатга кўра, иш атайин уюштирилган, деган шубҳа кўплиги сабабли процессуал қоидалар доирасида қуйидаги саволларга жавоб берилиши керак.

Биринчидан, қандай қилиб ИИБ ходимлари қўлига блогернинг телефони тушиб қолди? Телефондан жиноят қуроли сифатида фойдаланилиб ИИБ ёки бошқа шахсларга тан жароҳати етказилганми?

Иккинчидан, телефон нима учун тинтувдан ўтказилди? Бу тинтув эмас, кўздан кечириш, дейилса телефоннинг ост-устига қаралади холос. Яъни унинг пичоқ, тўппонча, нон эмас, айнан телефон эканлигига ишонч хосил қилиш учун кўрилади. Бу ўринда ИИБ ходимлари фуқаронинг телефонидан  қандайдир ноқонуний материал топиш мақсадида тинтув ўтказишган кўринади. Тинтув учун эса санкция керак.

ИИБ ходимларига санкциясиз тинтув ўтказишга ҳуқуқ берилганмиди?

Учинчидан, телефонни тинтувдан ўтказиш қандай усул ва тартиб бўйича олиб борилди, тартиб борми ўзи? 

Тўртинчидан, эркак ва аёл ўртасидаги жинсий алоқага доир видео ва тасвирларнинг вояга етган фуқаро телефонида бўлиши мумкинмаслиги қайси қонунда белгиланган?

Бешинчидан, аҳлоқ нормаларига тўғри келмаса-да, эр-хотин сифатида аёл ва эркак ўртасидаги жинсий алоқа ноқонуний бўлмагани ҳолда, вояга етган инсон учун бу каби тасвирларни ўз телефонида бўлиши қандай ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади?

Олтинчидан, ҳақорат қилиш деганда, фуқаро айнан қандай сўзларни ишлатган бўлиши лозим. Масалан, ИИБ ходимларини каламуш, дейиш ҳақоратга кирмайдию, “мент” сўзи кирадими. Бу қаерда белгиланган? 

Юқоридаги саволларга аниқ ва асосли жавоб берилиши шарт. Акс ҳолда блогернинг ҳуқуқбузарлигига доир ҳаракатларнинг қонунийлиги бўйича шубҳалар йўқолмайди. Бўлмаса истаган фуқарони йўқ жойдан жиноятчига чиқариш мумкин”, дея қатор саволларни ўртага ташлаган депутат.

Расул Кушербоев Учтепа тумани ИИБ ходимлари Президент кафиллигидаги Конституцияда белгилаб қўйилган сўз эркинлигидан фойдаланиб, танқид қилаётган фуқароларни қўрқитиб, эркинликларини бўғиш мақсадида ўзлари жиноятга йўл қўйишмаганига умид билдирган.

“Агар шундай бўлиб чиқса, бундай ИИБ ходимлари бор жамиятда яшаётганимдан уяламан”, дея сўзини якунлаган депутат Кушербоев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилганди.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.

Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.

Бироқ, ИИО ходимларини ҳақорат қилишда айбланган блогернинг тиз чўккан ҳолда ўтирган ва тергов жараёнидаги видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалди. QALAMPIR.UZ бу видеолар қандай қилиб тарқалгани бўйича изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар ИИББ билан боғланди. Шундан сўнг, видеони тарқатганларга нисбатан хизмат текшируви бошлангани очиқланди.

Бугун, 2 октябрь куни эса блогер Бобур Ғаниев 15 суткага қамалгани маълум бўлди. Аммо бу ҳақда расмий маълумот берилмаган.

×