Ўзбекистонда «ТикТок» бутунлай ёпиладими?

Ўзбекистонда «ТикТок» бутунлай ёпиладими?

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова ёшларнинг онгини бузаётгани учун "ТикТок" ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифи билан чиқди.

"9-сентябр куни Навоий шаҳридаги икки ўқувчи қиз “ТикТок” ижтимоий тармоғида ножўя сўзларни намойиш қилиб, уни тўғридан-тўғри эфирга чиқарган. Ҳуқуқ тартибот органлари берган хабарга кўра, мазкур ҳолат Навоий шаҳридаги 10-мактабда 16 ёшли ўқувчилар иштирокида ҳуқуқ дарси пайтида содир бўлган.

Ижтимоий тармоқлардаги баъзи хабарларда бу ҳолат 8-сентябрда содир бўлгани ва шу куннинг ўзида юзага келган вазият мактаб ўқувчиларининг ота-онаси билан бирга муҳокама қилингани ва ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларнинг узр сўрагани айтилган. Боз устига ўқувчилар бу ҳаракати билан шунчаки ҳазиллашмоқчи бўлишганини қайд этишган.

Вазият юзасидан вазирликни ўзидан жавоб кутиб қоламиз.

“Миллий тикланиш” демократик партияси мазкур масала юзасидан жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ушбу вазиятни умумтаълим мактабларида маънавий муҳитнинг носоғломлигидан, тарбия жараёнининг етарли даражада ташкил этилмаётганидан далолат берувчи аянчли ҳолат деб баҳолайди. Aфсуски, ҳозирда одоб-ахлоққа зид ҳаракатлар медиа маконида урчиб ётибди. Кўп ҳолда видеороликларнинг асосий қаҳрамонлари мактаб ўқувчилари эканлиги масалага ечим берадиган ва унинг ижросини таъминлайдиган соҳа вакилларини чуқурроқ ўйлантириши керак.

“Миллий тикланиш” демократик партияси ушбу ҳолат бўйича қуйидаги таклифларни илгари суради:

Биринчидан, “кечирим сўраш” урф, лекин у Ўзбекистон қонунчилигида жазо чораси сифатида ҳуқуқий оқибатни туғдирмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, вояга етмаганлар томонидан қилинадиган бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш керак.

Иккинчидан, “кечирим сўраш” бугун жамиятимизда тобора одатга айланиб қолди. Тўғри, кечирим сўраш одати бизнинг жамиятимизда қадрият даражасида эъзозланади, бироқ айни кунда уни суиистеъмол қилиш ҳолати кундалик ҳаётимизда кучайиб бормоқда. Шу ўринда ҳар бир фуқаро қонун олдида бир ва тенг жавобгар эканлигини унутмаслиги лозим. Зеро, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, - деб қайд этилган.

Учинчидан, партия аксарият ҳолда ҳуқуқбузарликларни намойиш этиш ҳисобига ўз ўқувчиларини кўпайтираётган “ТикТок” ижтимоий тармоғини болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди ва шу боис ушбу тармоқ фаолиятини бутунлай чеклаш тарафдори. Зеро, ОAВ соҳасидаги тадқиқотлар ва кундалик ҳаёт бугун энг аввало мактаб ўқувчилари унга ипсиз боғланганларини кўрсатмоқда. Ёшларни маънавий оламига салбий таъсир ўтказаётган видеоконтентлар зарарини бугун холис баҳолаш фурсати етди. Биз тарбияни “очиқ” ахборотлар эвазига бой бермаслигимиз керак. “ТикТок”га ўхшаган ахборот манбалари ҳисобига тўғри келаётган инфоепидемияни олдини олиш учун қонуний чоралар кучайтирилиши керак.

Тўртинчидан, партия “Тарбия” фанини ўқитиш борасида парламент назоратини доимий равишда кучайтириб боради ва олий таълим муассасаларида “тарбиячи” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлайдиган факултетларни жорий қилиш ишларини жадаллаштириш лозим деб ҳисоблайди (Aфсус, мана икки йилдирки, ушбу масала юзасидан ҳукумат қарорининг ижроси пайсалга солинмоқда).

Навоийда сўконғич қизлар билан бўлиб ўтган ҳодиса нафақат таълим, маҳалла, ҳуқуқ тартибот идоралари мутасаддилари, балки ёшлар тарбиясига бевосита масъул ташкилотларга ва кенг жамоатчилигимизга огоҳлик қўнғироғи бўлиши даркор.

Биз фарзандлар камолотига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай хавф ўчоқларини ўзимиз аниқлаб, уни ҳамкорликда бартараф этиб, мактабни чин маънода таълим-тарбия ўчоғига айлантиришимиз мумкин. Бу борада жадидимиз Фитратнинг “Оиладаги яхши тарбия мактаб учун катта мадад” эканлиги ҳақидаги фикрларини ҳисобга олиб ҳаракат қилишимиздан бошқа чора йўқ!", деб ёзади Ф.Муҳаммеджанова.

×