Коронавирусга чалинган қозоғистонлик аёл ўлди: шифокорлар жиддий хатога йўл қўйишган

Коронавирусга чалинган қозоғистонлик аёл ўлди: шифокорлар жиддий хатога йўл қўйишган

Ижтимоий тармоқлар коронавирусдан вафот этган қозоғистонлик аёлнинг оиласи президент ва соғлиқни сақлаш вазирига мурожаатини муҳокама қилмоқда. Хусусан, марҳумнинг қариндошларидан оилани "адолатсизликдан, тажовузкор ҳужумлардан ва хавфли касалликнинг тарқалишига олиб келадиган хавфсизлик чораларига риоя қилмаслик айбловларидан" ҳимоя қилиш сўралган. Ақмолалик шифокорлар вазиятга изоҳ берди, деб хабар беради nur.kz.

Оила мурожаатини фейсбук ижтимоий тармоғида жамоат арбоби ва журналист Арман Шураев эълон қилди. Унда марҳумнинг қариндошлари касалликнинг ривожланиш хронологиясини беради.

Шундай қилиб, уларнинг сўзларига кўра, аёл нафас қисиши ва иситма шикоятлари билан биринчи марта  22-март куни шифокорларга мурожаат қилган. Тез тиббий ёрдам бригадаси клиникага мурожаат қилишни тавсия қилган.

Бундан ташқари, яқин кишиларнинг айтишича, улар коронавирус деб тахмин қилишган.

23 март куни аёл, тавсия этилганидек, клиникага борган. У ерда унга антибиотиклар буюрилган ва кўпроқ илиқ суюқлик ичиш тавсия қилинган. Аммо, оиланинг ёзишича, кейинги бир ярим кун ичида аёлнинг аҳволи ёмонлашган, даволаш белгиланганига қарамай, улар яна тез ёрдам чақиришган. 25 март куни эрта тонгда пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизишга қарор қилинган. Кейин коронавирус бўйича тестлар салбий натижани кўрсатган. Эртаси куни аёл оламдан ўтган. Ўлим тўғрисидаги гувоҳномага ўлимга пневмония сабаб бўлганлигини кўрсатилган. Аммо кейинчалик аёлнинг коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Марҳумнинг қариндошлари холис текширув ўтказишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни сўрадилар.

×