Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев юк машиналарининг меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланишини танқид қилди. У бу ҳақда 6 сентябрь куни ўз Telegram каналидa пост қолдирди.
Унга кўра, йўлларни сифатли сақлаш ва бюджетни тежаш учун ҳукумат маҳаллий йўллар кўтара олмайдиган оғир юк ташувчи автотранспортларнинг ҳаракатланишини чеклаш масаласини жиддий ўйлаб кўриши керак.
«Бизга 1 сўм солиқ тўлаб, йўлларимизга 10 сўмлик зарар келтираётган фаолият керакми ўзи?» — дейди депутат.
Маълум қилинишича, меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланаётган юк автотранспорти расми 5 сентябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани Қўшёғоч маҳалласида олинган. Шунингдек, блогер Отабек Бакиров ҳам мавзу юзасидан муносабат билдирган. У Жиззах вилоятининг Зафаробод-Фориш йўлининг абгорлиги сабабларини келтириб ўтган.
«Бу йўлдан вилоят ҳокими Эргаш Солиев юрмагани аниқ. Зафаробод туман ҳокимининг йўли тушмаган чиқар. Ташрифлар доирасида бу жойлардан айланиб маршрут тузишади. Чунки мабодо Давлат раҳбари бу йўлга кортежни буриб юборса, жуда кўпчилик чиновникларининг калласи ҳам, салласи ҳам кетиб қолиши турган гап» — дейди блогер.
Таъкидланишича, йўл абгорлигига, асосан, Жиззах цемент заводидан цемент ташийдиган юк автотранспортлари сабаб бўлади. Таснифи бўйича 10 тоннали юкдан ортиғи йўлни бузиши аниқ бўла туриб, бу йўлдан 40, 50, 60 тонна юк ортган автотранспортлар қатнайди. Табиийки, асфальт ва тош қопламаси 30, 50 сантиметр ва ҳатто 1 метргача чўкиб кетган.
«Бутун йўл вертикал ва горизонталь гармошкага айланган. Лекин йўлда юк меъёри бўйича на огоҳлантиришлар ва на махсус тарозилар бор. Адашмасам, тарози билан таъминланган ва меъёрдан ортиқча юк юклаган автотранспортлардан қўшимча тўлов ундириладиган йўлларимиз саноқли (бу тарози нуқталари ҳаддан зиёд коррупциялашиб кетгани алоҳида масала)», — дейди Отабек Бакиров.
Блогерга кўра, бир тарафдан йўл қуравериш ва бир муддат ўтиб яроқсиз йўлларга келиб қолмаслик учун камида учта масала бор:
- йўлларда (аввало янги таъмирланган йўлларда) ҳаракатдаги автотранспортларнинг юк меъёри чекланганини кўрсатувчи йўл белгиларини ўрнатиш;
- йўлларда махсус юк тарозиларини ўрнатиш ва улар фаолиятини инсон омилини минималлаштирган ҳолда йўлга қўйиш;
- меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланаётган юк автотранспортлари учун жарима чораларини (агар йўқ бўлса) қатъийлаштириш зарур бўлади.
Аввалроқ Расул Кушербаев амалдор машинаси «тонировка» қилинган бўлса, у халқ ҳаққига хиёнат қилаётган бўлиши ҳақида айтгани маълум қилинган.
Тасодифий хабарлар
Россия ортидан АҚШ ҳам ядровий қуролларини шай ҳолатга келтирадими? Блинкен жавоб берди
O‘zbekistonda ishlab chiqarilishi kutilayotgan «Volkswagen» avtomobil modellari aniqlanmoqda
Олимпиада илк бор Африка қитъасида ўтказилиши мумкин
"Туркиядаги зилзилани 130 та атом бомбасининг портлашига қиёслаш мумкин"
Намангандаги каналда аёл кишининг жасади оқиб кетди: прокуратура текширув бошлади (ВИДЕО +18)