Эндиликда барча умумтаълим мактабларида 1-6-синфлар учун мўлжалланган ҳамда бир нечта фан: кимё, география, биология ва физика фанларининг бошланғич тушунчаларини ўзида бирлаштирган Табиий фанлар дарслари йўлга қўйилади.
Таълим тизимида шу вақтга қадар Science фани хусусий мактаблар ҳамда Президент мактабларида ўқитиб келинаётган эди. Эндиликда барча умумтаълим мактабларида бир нечта фан: Атрофимиздаги олам, Табиатшунослик, География, Биология ҳамда Физика фанларининг бошланғич тушунчаларини ўзида бирлаштирган Табиий фанлар дарслиги ўқитилади.
Умумий ўрта таълимнинг 1-6-синфлари учун мўлжалланган Science фани бир нечта фанларни бирлаштирган ва STEAM тизими асосида кўплаб ижтимоий, иқтисодий фанлар билан интеграцияни таъминлаган. Ушбу дарсликнинг қуйидаги устуворликлари мавжуд:
- билим ва кўникмаларни спиралсимон усулда оддийдан мураккабга томон ривожлантириб бориш кўзда тутилгани ҳисобига ўқувчиларга оламнинг яхлит, ажралмас, бир бутунлигини англашга ёрдам беради;
- яратилаётган дарсликка ҳар бир бобнинг мавзусидан келиб чиқиб, содда кундалик турмушда учрайдиган қизиқарли мавзулар, тажрибалар киритилди. Энди болалар «Ўқув лойиҳаси» деб номланган амалий машғулотда ўзлари кичик тажрибалар ўтказиб кўришади. Масалан, 1-синфларга 1 ўқув йили учун 1 та амалий топшириқ, гул экиш ва уни парваришлаш вазифаси берилган. Ўқувчилар ўзлари эккан гулдаги ўзгаришларни йил давомида кузатиб, натижани дафтарларига қайд этиб борадилар, устозлари ва синфдошлари билан ўртоқлашадилар;
- анъанавий ёндашувга асосланган дарсликларда аввал матн, кейин саволлар берилган бўлса, Science дарслигида ўқувчининг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида аввал саволлар берилиб, кейин матн келтирилган. Маълумотларнинг аксарият қисми эса матн эмас, расм ёки иллюстрациялар кўринишида. Бу болаларда ҳар хил манбаларни тушуна олиш, мавзуга ижодий ёндашиш кўникмасини шакллантиради;
- дарслик материалларининг аудио ва видео вариантлари ҳам мавжуд бўлиб, улар илк бор АR тўлдирилган борлиқ тизимига жойлаштирилди. Агар смартфон дарслик муқовасидаги QR кодга тутилса, болалар ўзлари ўрганаётган объектнинг ҳаракатланиб турганини кўришлари, товушини эшитишлари ёки ўша объектнинг бошқа хусусиятлари билан танишишлари мумкин бўлади.
Тасодифий хабарлар
Канадада рўмол ўраган ўқитувчилар ишдан бўшатилди
Муҳаммадзокир Маматхонов Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи этиб тайинланди
Москвани сув босди: шаҳарга рекорд даражада ёғингарчилик тушди
Россия Украина арсеналини йўқ қилди
Тадбиркорларга бир неча ваколатлар бериладиган бўлди