Аввалроқ, Ўзбекистонда бензин нархи ошиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. “Ўзбекнефтгаз” ушбу маълумотни тасдиқлади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-440-сонли қарорига асосан, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғи “ноль” ставкада қўлланиши белгиланган эди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 15 декабрда тасдиқланган “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни АИ-80 русумли автобензин билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш” чора-тадбирларида 2022 йил 9 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг алоҳида биржа секцияси орқали АИ-80 русумли автобензин маҳсулотини сотиш нархининг ўсиши биржа савдосига чиқариш нархига нисбатан кўпи билан 5 фоизгача миқдорда белгиланган.
Натижада, 2022 йил 1-12 декабрь кунлари 1 тонна АИ-80 русумли автобензин учун ўртача биржа нархи 8 096 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 13 декабрдан бошлаб 6 295 минг сўмни ташкил қилган ёки 1 801 минг сўмга арзонлашди.
Ўз ўрнида АЁҚШларда 1 литр АИ-80 русумли автобензиннинг нархи ўртача 6 800 - 7 500 сўмдан 5 700 – 6 000 сўмгача, ёки ўртача 1 100 сўмга арзонлашди.
“Акциз солиғи “ноль” ставкада қўлланиши ва биржа савдоларида “спред” жорий этилиши даврида (2022 йил 12 декабрь – 2023 йил 22 февраль) республика истеъмолчиларига 386 минг тонна (ўртача кунлик 5 300 тонна), ёки ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан 188,6 минг тоннага кўп АИ-80 русумли автобензин етказиб берилди.
2023 йил 1 мартда юқоридаги тартибларнинг амал қилиш муддати (имтиёзли давр) якунлангандан кейин акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин (ўсиш даражаси чекланмасдан) шаклланиши ҳисобига АИ-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда”, дейилади “Ўзбекнефтгаз” хабарида.
Маълум қилинишича, 1 мартдан бошлаб биржа савдоларига жойлаштириладиган 1 тонна маҳаллий АИ-80 русумли автобензин бошланғич нархи 6 863 000 сўмдан, импорт автобензини нархи 8 036 000 сўмдан шаклланиб, биржа савдолари якуни билан нархлар ўртача 8 150 000 сўмни (1 литр учун 6 100 сўм) ташкил этиши кутилмоқда.
Бунда, нархлар ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр АИ-80 русумли автобензиннинг чакана нархи маҳаллий маҳсулот учун 6 800 сўмдан, импорт маҳсулоти учун 7 000 сўмдан шаклланади.
Тасодифий хабарлар
Ўлганлар номига пенсия: бош инспектор ва кассирнинг кирдикорлари фош бўлди
Юлдуз Усмонованинг ҳаётига қасд қилишлари мумкин
ДХМлар шанба кунлари ҳам хизматингизда
Карантин пайти яширин сабоқ олган 23 нафар ўқувчи коронавирусга тест топширди ва уй карантинига олинди
Олтин ва бензин нархи пасайди