Ҳиндистоннинг Харьяна штатида шифокорлар туғуруқ жараёнида чақалоқнинг қўлини узиб юборди. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берди.
Ҳодиса жорий йилнинг 30 июлида юз берган, аммо Ҳиндистондаги маҳаллий нашрлар бу ҳақда кечроқ хабар берган. “The Times of India” нашрига кўра, ушбу воқеа ҳудудий инсон ҳуқуқлари комиссияси эътиборини тортган.
Маълум қилинишича, янги туғилган чақалоқ тиббиёт ходимларининг бепарво ва раҳмсиз муомаласи оқибатида жароҳат олган. Чақалоқнинг оила аъзолари ҳолат бўйича шифокорлардан изоҳ сўраганда, шифокорлар жабрланган оилани ҳақорат қилиб, шифохонадан чиқариб юборган. Кейинчалик чақалоқ бошқа шифохонага юборилган.
Харьяна инсон ҳуқуқлари комиссияси бу ҳодисани Ҳиндистон Конституциясининг 21-моддасида (Ҳаёт ва шахсий эркинлик ҳуқуқи) кафолатланган ҳаёт ва соғлиқ ҳуқуқининг қўпол бузилиши, дея баҳолаган. Бундан ташқари, комиссия фикрича, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 6- ва 19-моддалари ҳам бузилган.
Маълумот учун, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси болаларнинг ҳаёти, хавфсизлиги ва ривожланишини таъминлаш бўйича давлатларнинг мажбуриятларини белгилайди. Унинг 6-моддасига кўра, ҳар бир бола туғилган ондан бошлаб яшаш ҳуқуқига эга. Давлатлар болаларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш ва уларнинг тўлақонли жисмоний, ақлий ҳамда ижтимоий ривожланишини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.
19-моддага кўра, давлатлар болаларни ҳар қандай жисмоний ёки руҳий зўравонлик, эътиборсизлик, эксплуатация, ёмон муомала ва суиистеъмолликдан ҳимоя қилишга мажбур. Бунинг учун қонунчилик, маъмурий бошқарув, ижтимоий хизматлар ва тарбиявий чора-тадбирлар орқали профилактика ва ҳимоя тизимини яратиш талаб этилади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда автомобилларда монитордан фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинди
Наманган тумани ҳокими ўзгарди
Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик Чимкентда ушланди
Президент Андижон вилоятига икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди
Судьялар давра суҳбати ўтказди