AZAL терговига оид натижалар қачон эълон қилиниши айтилди

AZAL терговига оид натижалар қачон эълон қилиниши айтилди

Қозоғистон ҳукумати AZAL авиакомпаниясига тегишли самолётнинг Ақтау яқинида қулашига оид тергов натижалари бир неча ойдан кейин эълон қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Канат Бўзумбаев бугун, 7 август куни ўтказилган брифингда сўз очди.

Унга кўра, ҳалокатга учраган самолётнинг баъзи деталлари ҳозирда чет элда экспертиза қилинмоқда. Тергов жараёнида бир нечта хорижий мамлакатлардан жалб қилинган халқаро мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.

Бўзумбаевнинг айтишича, халқаро экспертлар самолёт ҳалокати юзасидан олиб борилаётган таҳлил ишларининг сўнгги босқичида қатнашяпти. Айрим ускуналар ҳамон чет элда текширилмоқда ва яқин орада Қозоғистонга етказилади. Шу билан бирга, таҳлилий босқич якунланмоқда ва сўнги ҳисобот тайёрлаш ишлари бошланмоқда. Бўзумбаев жамоатчиликни сабрли бўлишга чақириб, якуний ҳисобот бир неча ой ичида тақдим этилишини билдирган.

У, шунингдек, жорий йилнинг май ойида махсус комиссия Грозний ва Ростов-на-Дону шаҳарларига сафар қилиб, аэродромнинг аэронавигация тизимлари билан танишганини маълум қилган. Самолёт корпусида аниқланган шикастланиш сабаблари эса портловчи моддалар бўйича ўтказилаётган экспертиза хулосасида аниқ бўлиши айтилган. 

Бўзумбаев, шунингдек, айрим давлатларга сўровлар юборилганини ҳам қайд этган. Бу давлатларда фойдаланилаётган ҳарбий техникалар, айниқса самолёт фузеляжида топилган турдаги зарба етказувчи элементларга эга қуроллар борлиги аниқланмоқда.

Унинг таъкидлашича, ушбу ҳалокатни сиёсий тусга киритиш, яъни сиёсийлаштириш нотўғри бўлади.

Маълумот учун, 2024 йил 25 декабрь куни Бакудан Грознийга учаётган AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушган эди. Самолёт бортида жами 67 киши бўлган – 62 нафар йўловчи, 5 нафар экипаж аъзоси. Уларнинг орасида Озарбайжон, Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари бор эди. Ҳалокат оқибатида 38 киши, жумладан 6 нафар қозоғистонлик ҳалок бўлган. 29 киши тирик қолган, улардан иккитаси борт кузатувчиси бўлган.


Теглар:
×