2025 йил Очиқлик индексида энг паст натижани Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қайд этди. Шунингдек, рўйхатда Тошкент ва Сирдарё вилояти ҳокимликлари ҳам бор. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили, хусусан, Очиқлик индексининг якуний натижаларига оид хабарномада сўз борган.
Энг паст натижани қайд этганлар орасида банклардан “Алоқабанк” АТБ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, Судьялар олий кенгаши, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам бор. Улар ва юқорида келтирилган ҳокимлик индекснинг “қизил” тоифасига киритилган.
“Қизил” тоифада баҳоланганлар, хусусан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов интизомий жазога тортилиши мумкин.
Агентлик томонидан қайд этилишича, “қизил” тоифага киритилганларга қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Гап шундаки, 2025 йил якунлари асосида ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган. Баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилган. Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи “яшил”, 22 таси “сариқ” ва 9 таси “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.

Эътиборли жиҳати, жорий йилги баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган идоралар сони 34 %га кўпайиб, “сариқ” тоифадагилар 36 %га ва “қизил” тоифадагилар 31 %га камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” АЖлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилган.
Шунингдек, “қизил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахборотларини Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитиш режалаштирилган.
Тасодифий хабарлар
Трамп ёлғон гапирган. АҚШ базасига ҳужумнинг янги тафсилоти маълум бўлди
Яна бир соҳада қонунбузарлик ҳақида хабар берган фуқароларга пул берилади
Ўзбекистон ва Гана ўртасидаги баҳс Наманганда ўтказилади
Миср сайёҳлар учун барча ковид-чекловларни бекор қилади
Сергелидаги вазият ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинди (видео)