«Кетиб қоладиганга ўхшайман» - Мирза Азизовнинг Зангиотадан ёзган илтижоли СМС хабари...

«Кетиб қоладиганга ўхшайман» - Мирза Азизовнинг Зангиотадан ёзган илтижоли СМС хабари...

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 16 апрель кунидаги 16-сонида босилган шоира ва журналист Қутлибека Раҳимбоеванинг “Шундай Ватанимиз бўлатуриб” мақоласини ўқиб, юрагимда йиғилиб ётган зардоблар қўзғалгандек бўлди. Муаллиф “ижтимоий тармоқларни кузатганда, телеканалларнинг баъзи ахборот дастурларини тинглаганда юраги “зирқ” этгани…”дан сўзни бошлаб, шундай улуғвор ишлар, бун­ёдкорлик, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун миллий сафарбарлик кетаётган бир пайтда кўнгилни ғаш қиладиган хунук ҳодисалар ҳақидаги хабарлар ҳам тарқаётганидан таассуфларини баён этади. Ҳа, шоирамиз топиб айтибдилар, “шундай Ватанимиз бўлатуриб”, номарғуб ҳодисаларнинг ҳам бўй кўрсатиб қолаётгани жуда ачинарли ҳол. Нафақат ачинарли, балки аламли бир ҳолдир.

Камина мақоладан таъсирланиб, аниқроғи, сарлавҳасиданоқ дилимга ўт тушиб, хаёлларим саросар бўлгани ва ижтимоий тармоқ ёки телеканаллардан эмас, балки шу кунларда кечмиш турмушимиздан, ўзимиз гувоҳи бўлиб турган баъзи норасолик, лоқайду бепарволик, беоқибатлик ҳолатларидан изтиробга тушиб, қўлимга қалам олдим.

Тўрт кун бўлди Муқимий номидаги ўзбек Давлат мусиқали театрининг директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовни туп­роққа қўйиб келдик. Билмадим, балки муболағалироқ туюлар, назаримда бу қарчиғайдай ўктам, алпқомат йигитнинг санъатидан, сўзидан, инсоний фазилатларидан баҳраманд бўлган каттаю-кичик барча кўзига ёш олди, ич-ичидан афсус чекди, 58 ёшда сабил кетган жонга ачинди, изтиробланди…

Марҳаматлик тадбиркор укамиз Қобилжон қўнғироқ қилиб, кўзда ёш билан менга таъзия билдирди. Ва ўша куни кечасиёқ Давон оша йўлга тушиб, фотиҳага келиб кетди.

Бундайлар ўнта, юзта эмас, минглаб бўлса, ажабмас. Чунки Мирзахон (мен уни укамдек суюб шундай атардим) ниҳоятда дилкаш, одамшаванда, эл корига камарбаста, оқибатли, жонфидо йигит эди.

Ўзбекистоннинг Мирза Азизов оёғи етмаган бирор ҳудуди, гўшаси қолмаган эди. Йўқ, телевидение туфайли ё киною телесериаллар орқали эмас, ростмана қадам ранжида этиб, қишлоқма-қишлоқ, туману шаҳар, маҳаллалар бўйлаб ҳар турли учрашувлар, маънавий-маърифий суҳбатлар, кечаларда, театр гастроллари, “кино кунлари”да ва ҳатто Россиянинг чекка Сибир ўлкаларидаги ўзбек йигит-қизлари мигрант бўлиб юрган жойларгача бориб, улар ҳолидан хабар олиб, мулоқот, машваратлар ўтказиб келарди. Бир сўз билан айтганда, юрт ишига, Ватан йўқловларига, Юртбошимиз топшириқларига ҳамиша “лаббай” деб тургувчи ватанпарвар, фидойи эди. Охирати обод бўлсин!

Бунақаси камдан-кам бўлади, бунақалар беназир. Ҳозирку ҳали сезмайроқ турибмиз, нарироқ бориб Эркин Воҳиду Абдулла Орипов, Омон Матчону Анвар Обиджон, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Аловуддин Мансур, Анвар қори Турсуновнинг, Дилбар Икромова, Абдураим Абдуваҳобов, Фатҳулла Маъсудовнинг, ҳофиз Маҳмуджон Тожибоев, Раҳматжон Қурбонов, композитор Анвар Эргашев, шоир Саъдулла Ҳакимларнинг ўрнини ҳеч ким босолмаётганини ҳис қилгач, қалбдан ёзғириб, алам чекамиз, армон қиламиз.

Ҳа, бундай ойдин зотларни, эл корига камарбаста зиёлиларни, санъаткорларни ўзбекнинг онаси ҳар куни туғавермайди…

Айнан шунинг учун қалбим зардобга тўлиб, сўнг­­ги йиллар ва охирги бир неча ойдаги талафотлардан озурда дил билан саҳар палла қоғоз қоралаб ўлтирибман…

Шу ойнинг илк кунларида Беларусдан хабар келди. Минскдаги Ўзбекистон элчихонасида ишлаб турган дўстимиз, укамиз, сиёсий фанлар доктори   Дониёр Обидов коронавирус туфайли вафот этибди. Шавқу завқ билан ёниб, ёлқинланиб ўзбегу беларус халқларининг маданий яқинлашуви учун дилдан хизмат қилиб юрган эди.

Ўнинчи апрель куни тушдан кейин қўл телефонимга қайта-қайта қўнғироқ бўлди, хабар юборилди. Очсам, Мирзахондан хабар: “Ассалом алайкум Шуҳрат акажон! Менга кўп ёрдам бергансиз, яна бир ёрдам қилинг. 18 кундан бери коронавирусга чалиниб, Зангиотада ётибман. Саккиз кишилик хонада – “Ачавотта” ман гўё. Шовқин, бақир-чақир ичидаман. Кетиб қоладиганга ўхшайман. Бирон раҳбарларимизга айтинг, мени шароити тузукроқ жойга ўтказиб беришсин, аёлимни чақиришсин, менга Тожибар ўзи қарамаса, бошқа биров қаролмайди. Жон ака, акалик қилинг!”

Титраб кетдим. Дониёрнинг бевақт ўлими алами аримай, бу хабар келиб турибди. Тўрт-беш ой олдин ўзим ҳам шу “тождор балои зарра”га дучор бўлганим   ва йигирма кундан ортиқ ҳадик-хавотирда азобли ўйларни бошимдан ўтказганим учун Мирзахоннинг фарёдини ичдан ҳис қилдим. Вазиятни англаб, Президентимизнинг шу соҳаларга масъул маслаҳатчисига қўнғироқ қилдим. У киши бехабар эканини билдириб, дарҳол Зангиотадаги касалхона бош врачини излашга тушди. Шукурки, шу аралашувдан сўнг икки соатларга етиб-етмай хабар келди — Мирзахонни яхши шароитлик алоҳида хонага олишибди, аёлини чақиртиришибди. Кечроқ ўзи яна телефон қилиб, миннатдорлик билдирди. Мен “бошидан ўтказган табиб” деганларидек, ўз “таж­рибам”ни айтиб, кўкрагини ерга қаратиб ётишини тайинладим. Мирзахон шу алп гавдасига боладай содда, беғубор, ишонувчан, ҳаммага яхшилик соғиниб юрадиган самимий йигит эди. Айтганларимни қилибди. Аммо ўша кунлар ҳарорати кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган, боз устига қанд касали бор экан, у билан қўшилиб, вазият ниҳоятда хатарли тус олган…

…Тожибар телефон қилади, йиғлаб туриб “ака, Мирзакамни опқолайлик, аҳволлари жуда оғир, врачлар ҳам умидли гап айтишмаяпти, қандлари 27 га кўтарилибди, ўпка нафас олиши 66 га тушиб кетибди. Шундаям мени аппаратга солишмасин, бўғилиб кет­япман шундоқ ҳам, деб турибдилар…”

Соат тунги ўнлардан ошган. Кимга дод деб бораман, шу пайтда… Охири, қўл телефон рақамини топиб, яна бир катта раҳбарларимиздан бирига қўнғироқ қилдим. У номини айтишим биланоқ, “хабарим бор, ҳар соатда бизга ахборот бериляпти, биз Самарқанддамиз, Соғлиқни сақлаш вазири ўша касаллардан бевосита хабардор бўлиш учун Тошкентга қайтиб кетдилар, Президентимиз шахсан ўзлари назоратга олганлар, барча чоралар кўрил­япти, аммо касалнинг аҳволи ўта оғир” деди.

Тожибарга қўнғироқ қилдим, айтдим бўлган гап­ларни, у овозли хабар ёзиб, шу гапларни Мирзакамга эшиттирайлик, далда бўлади деди. Мирзахоннинг саломатлиги шахсан олий раҳбарнинг назоратида эканини айтиб, овозли хабар юбордим. Эртан бориб, шифокорлари билан учрашишни режалаштирдим. Бироқ афсус, минг афсуски эртаси – 16 апрель куни ўлим муждаси келди… англаб-анг­лолмай қолдим, наҳот ўлим отлиқ мудҳиш воқелик шу қадар осон рўй берса?! Оллоҳим! Ўзингнинг ҳукмингга бош эгишга мажбурмиз. Лекин…

Шу куни асрда Чиғатой қабристонига қўйдик, шундоққина Раззоқ ака Ҳамраев қабрининг ортидан қўйилди. Ҳа, бу ҳам тасодиф эмасдир, албатта. Неча йиллар Муқимий театрига раҳбарлик қилган буюк актёр Раззоқ Ҳамраев ортида дафн этилган Мирзахоннинг улуғ устозга яна бир эҳтиромидек тую­лади, гўё…

Мирза Азизов ҳам актёрлик умрини Муқимий театрида бошлаб, умри сўнгигача борини шу даргоҳга берди. Унинг обрўси, шаъни шукуҳи учун курашди. Халқаро фестивалларга олиб борди, ёнидан маб­лағ сарфлаб бўлса ҳам. Актёр, хизматчиларининг уй-жойи, шаҳарга рўйхатга олиниши учун елиб-­югурди, етса моли, етмаса жони дегандек, санъатдаги обрў-эътибори, машҳурлигини фақат шу жамоа манфаатлари учун нисор этди. Турли жойлардан таниқли режиссёрларни чақириб, спектакллар қўйдирди. Жамоанинг ижодий баркамоллиги учун жонфидолик қилди. Гоҳо, қўйинг, ўзингизни ўққа-чўққа ураверманг, барибир биров миннатдор бўлмайди деб насиҳат қилганларга ҳолу аҳволни билдириб, кўнгил тубидаги орзусини айтиб қоларди: “Тўхтасин Жалилов, Лутфихон ая, Раззоқ Ҳамраев, Сойиб Хўжаев, Маҳмуджон Ғафуров, Ҳамза Умаровлар анъ­аналари ўлмаслиги керак, мен шу ишни қилмасам, ким қилади?! Уларнинг орзуси Муқимий театрини “Академик театр” мақомига етказиш эди. Менинг орзуим ҳам шу барча ёниб-куйиш­ларим бир чеккаси шу орзуим рўёбига қаратилган. Ахир шундай дориламон кунларда эл-юртга хизмат қилмай, Президентга далда бўлмай, четда туриш гуноҳ-ку. Бироз йўталиб юрибман, белдаги “грижа” ҳам қийнаяпти. Лекин ўтиб кетади булар. Кераксан, кел деб турса халқ, юрт раҳнамолари, бормай турсам уят бўлади, андиша қиламан, ака”, — дер эди.

“Ёсин” тиловати оҳангларида дилгир ўтирибману, хотирамда шу гаплар, укагинам­нинг минбарларни тўлдириб: “йиғлайвердим, йиғлайвердим — кўз олдимда Ўзбекистон доим бўл омон!” деган оташин чиқишлари.

Қабристондаги улуғларимизнинг қабр тош­ларига кўзим тушиб, яна бир фикр кўнглимдан ўтди. Санъат, адабиёт аҳлининг аксарияти олт­миш ёшга етиб-етмай ёки озгинагина ўтиб вафот топган эканлар… Нега шундай?

Нега бу ҳунар ойдинларининг санъати, ҳайрати учун тинимсиз олқишлаймизу, бироқ қадрига етиб, иззатини жойига қўявермаймиз. Чекка ҳудудми, туману вилоят гавжумликларига таниқли санъаткор, шоир-адиблар борсин деб, қулоч-қулоч рўйхатли ҳужжатлар чиқарамизу, бу тоифа мардумнинг ҳолидан хабар олавермаймиз. Сафарга жўнатувчилар, мутасаддилар аввал уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, ҳолу аҳволини батафсил билиб, сўнг зарур сафар анжом билан таъминлаб, йўлга йўлламайдими?! Нима бўлса ҳам номи чиққан инсонлар вилоятларга учрашувларга борсаю, олию оддий фармойиш, баённомалар бажарилса… Боз устига ўша ҳудудларга ҳам мажбурият туфайли “кунда-шунда” бўлиб қолган санъат, адабиёт аҳлига эътибор бирдек эмас. Ҳа-да, гала-гала қилиб юборилаётган маънавиятчиларнинг, маданият намояндаларининг кундалик ётиш-туриши, еб-ичиши бор. Кимга ёқади, ҳа деганда келаверадиган меҳмон?!

Республика Кино арбоблари уюшмаси яхши ният билан буюк шоиримиз Муқимий ҳаётига бағиш­ланган янги бадиий фильм премьерасини вилоятларда ўтказайлик деб “Кино кунлари” доирасида Навоий вилоятига бир неча Халқ артисти, Санъат арбоби, хизмат кўрсатган санъаткорларни йўлласа, меҳмонлар “совуқ ош”дек қабул қилиниб, премьера фильм томошасига қуйи синфлар мактаб ўқувчиларини олиб келиб ўтказиб қўйибди, барака топгур мутасаддилар. Куласизми ё йиғлайсизми бу ҳолу аҳволга — борсанг ҳам бир бало, бормасанг ҳам…

Фатҳулла Маъсудов Хоразмга, Мирзахон эса Қашқадарё сафарига бориб келиб, шу дарди бедавога дучор бўлиб ўтдилар. Ҳамсафарларининг айтишича, Қашқадарёда далаю даштни кезиб, ҳатто боғчаларгача бориб учрашувлар ўтказилибди. Мирзахон ўзи Тошкентдан кетишда бироз хасталаниб турган экан. Сафарда хуруж зўрайиб, поездда кела-келгунча ҳарорат оловида ёнган. Келгач, бу газанда вирусни аёлию болаларига ҳам юқтириб, бутун оила ичи билан Зангиотадаги касалхонага тушган. Кўрингки, ўн саккиз кун деганда ҳоли аҳволидан эзилиб кетиб, ёрдам сўраб мурожаат қилган…

Хўш, бунинг савол-жавоби борми? Маънавият, маданият, санъат аҳлини мунтазам ижтимоий ҳи­мояда сақлайдиган тизим борми ўзи?! Юртбошимиздан барча аҳли адабиёт ва санъат дилдан миннатдорки, мамлакатимизда бу соҳалар ривожига фавқулодда имкониятлар яратилмоқда, олий фармону қарорлар қабул қилиниб, муҳташам муассасалар барпо этилмоқда. Аммо “шундай Ватанимиз бўла туриб”, ўшандай гўзал муассасаларни обод этгувчиларга қуйида эътибор ўшандайми? Наҳотки беистисно ҳар куни телевидение каналларининг камида тўрт-бештасида турли сериал ва кўрсатувларда чиқиб турган, бугун Республика аҳлига таниқли қиёфани зангиоталик шифокорлар таниёлмаган бўлса? Жилла қурса, кўздаги адабиёт-санъат аҳлини кўз қорачиғидек асраб билайлик. Ўзбекнинг онаси Фармонбибининг Соттихон келини Дилбар Икромоваю Абдурайим Абдуваҳобовдек “шум бола”сини, Фатҳулла Маъсуду Мирза Азизовини яна қачон туғаркин-а?!

Биллоҳ, кўнглимни чўктириб, таассуфларимни оловлантириб турган “гина”ларимни қоғозга туширдим. Бу теграда ўзимни ҳам фаришта қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Ёши олт­мишга яқинлашиб айни ижодий камолотга эришган паллада ризқи узилган укаларимнинг хотираси олдида камина ҳам айбдордек ҳис қиламан ўзимни. Нетайки, “осмон узоқ, ер қаттиқ”. Таскин — бир калима Қуръон оятию, нурли хотиралар, холос.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги мусиқали драма театри директори Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди. 

Шуҳрат Ризаев,
"Hurriyat" газетасининг расмий сайтидан олинди

×