Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болалар сони ортаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болалар сони ортаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган болалар сони кескин кўпаймоқда, ҳатто улар орасида ўлим ҳолати ҳам қайд этилган. Бу ҳақда «Рост24» нашри томонидан тайёрланган лавҳада маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, 4 минг ўринга мўлжалланган Тошкент вилоятидаги Зангиота махсус шифохонасида шу вақтгача 37 мингга яқин беморлар даволаниб соғайган. Айни кунларда шифохона 35 фоиз қувватда фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилнинг декабрь ойида бу ерда 50 ўринли болалар бўлими ҳам ташкил этилган бўлиб, ҳозирда у 100 ўринга кенгайтирилган.

Таъкидланишича, охирги вақтда болалар орасида коронавирусга чалинганлар кўпайиши кузатилмоқда. Мазкур ихтисослашган шифохонада 2020 йилнинг декабрь ойида — 38 нафар, 2021 йилнинг январь ойида — 82 нафар, февраль ойида — 94 нафар ва март ойида эса 165 нафар, жами 465 нафар бола даволанган.

«Болалар орасида COVID касаллиги кўпайди дейиш мумкин. Бундан ташқари, болаларда пневмония ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Айни кунда бўлимимизда 27 нафар боланинг 13 нафар пневмониядан даволанмоқда», — дейди шифохонанинг болалар бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳилола Алимова.

Шифокорларнинг айтишича, мазкур бўлим очилганида коронавирусга чалинган болаларда клиник симптомларидан қуруқ йўтал ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилган. Охирги бир ой ичида эса болалар ич кетиши билан келмоқда, яъни болаларда ҳолсизлик ва тана ҳароратининг кўтарилиш кузатиляпти.

Айни кунларда даволанувчиларнинг асосий қисми 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳам бор.  «Болалар олдинги услубда яъни анча енгил муолажада даволанишмоқда, бактерия бўлса, антибиотиклар қўшилади», — дейди Ҳилола Алимова.

Болалар бўлимининг жонлантириш бўлимида беморлар йўқ. Касалликка чалинганлар соғаймоқда. Шу вақтгача Зангиота махсус шифохонасида бир нафар ўлим ҳолати бўлган.

Маълумот учун, Зангиота 1-шифохонасида 860 нафар, 2-шифохонада 632 бемор даволанмоқда, аммо шифокорларнинг айтишича, пневмонияни ўтказиб юборган ҳолда келаётганлар кўп учрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтган бир сутка ичида яна 302 кишида коронавирус тасдиқланди — мамлакатда  коронавирусга чалингани расман тан олинганлар сони 86 982 нафарга етди.

×