Маҳаллий амалдорларни танқид қилиб келган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб, қамоққа олинди. Депутат ва адвокат воқеа аслида бошқача бўлганини айтмоқда.
Блогернинг ҳибсга олиниши саҳнаси интернетда тарқалди ва ижтимоий тармоқларда мунозараларни келтириб чиқарди.
Видеолардан бирида, Термиз шаҳрида ИИБ ходимлари Отабек Сатторий исмли блогернинг яшаш хонадонида тинтув ўтказиш юзасидан рухсат берилгани, унга нисбатан ходимлар «результат» учун биронта туҳматни қўйиш мақсадида ўз уйидан куч ишлатилиб босиб олиб кетилгани баён қилинган.
Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти расмий муносабат эълон қилди.
Унда айтилишича, 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» МФЙда яшовчи фуқаро Лочин Т., ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг декабрь ойида у раҳбарлик қиладиган «Чинора Гул барака» деҳқон бозорида озиқ-овқат ярмаркасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш жараёнида ўзини «блогер Сатторий Отабек» деб таништирган шахс келиб, бозордаги камчиликларни қўл телефонига тасвирга олган.
Бозорқўмнинг арзига кўра, 28 январь куни блогер унга қўнғироқ қилиб, бозорни видеотасвирга олиш жараёнида ўзи фойдаланиб юрган «RedMi 5» телефони синиб қолгани, агарда унга битта янги «Vivo-Х50» русумли телефон сотиб олиб бермаса, бозордаги салбий ҳолатлар туширилган видеоларни интернетда тарқатиб юбориши билан таҳдид қилган.
У блогерга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, у билан бўлган сўзлашувларни тақдим қилган.
«Олиб борилган тезкор-тадбир давомида, фуқаро Отабек С. Лочин Т.дан уйининг олдида товламачилик йўли билан махсус кимёвий ишлов берилган бир дона нархи 5.040.000 сўм бўлган «Vivo-Х50» русумли уяли телефон аппаратини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил билан ушланган», – дейилади департамент ахборотида.
Эътиборлиси, жиноят ишини Термиз шаҳар ИИБ эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси қўзғатган.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, воқеа аслида бошқача бўлган.
«Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб, уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган.
Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги «зўравонлик» бўйича туман ҳокимига учрашган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан.
Қонунларимизнинг адолатли ва инсонпарвар эканига ишонган мен содда депутат эса Отабекка:
— Майли, сиз синдирилган телефонингизни олинг, лекин бозордаги зўравонлик учун бозор бошлиғи жавоб бериши керак. Аризангиз натижасиз қолса, менга мурожаат юборинг. Ўзбекистонда президент сиёсати сабаб очиқлик бўлмоқда, Сурхондарёда амалдорлар қонунларга қарамаса ҳам президент сиёсатига қарши чиқмаса керак, – деб, кўнглини кўтариб жўнатиб юборибман.
Бугун эса худди ўша блогер синдирилган телефони ўрнига, товон тариқасида олган телефонини дея товламачиликда айбланмоқда», – деб ёзди депутат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Кушербаев мазкур воқеани «сурхондарёлик амалдорларнинг битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, президентнинг очиқлик сиёсатига қарши исёни» деб баҳолади.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов фонд номидан қатъий баёнот билан чиқиб, кўплаб саволларни ўртага ташлади.
«Нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти?
Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида «ҳурмат-эҳтиромми»? Бу нормал ҳолатми?
Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими?
Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди? Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин.
Бизнинг жамоат фондимиз бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз», дейилади Алламжоновнинг баёнотида.
Бу орада бош қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси — CPJ (Commitee to Protect Journalists) Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди.
Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа ташланган.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ҳам воқеадан хавотир билдирди.
«Агар товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига рахна солувчи яна бир ҳаракатдир. Ички ишлар органларининг ўз вазифасини бажариши ва жамоатчиликни ҳимоя қилиши муҳим, бироқ бу шунчаки танқид учун қамоққа олиш эмаслигини кўрсатувчи далилларни тақдим этишлари ҳам аҳамиятлидир», – деб ёзди инглиз элчиси Twitter саҳифасида.
Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров Gazeta.uz'га берган маълумотга кўра, 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган.
Ҳимоячи апелляция шикояти билан мурожаат қилган, аммо жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди 5 февраль куни қарорни ўз кучида қолдирган.
Боз устига, Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши шу модданинг 2-қисмига қайта малакаланган.
165-модданинг 1-қисмига 3–5 йилга озодликни чеклаш ёхуд шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлса, гумондор 2-қисм билан айбли деб топилган тақдирда 5–10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Адвокат Ш.Шокировга кўра, айбловни қайта малакалашга ҳеч қандай асос бўлмаган.
«Биз бу ҳақда суд мажлисида маълум қилдик, аммо эътирозларимиз инобатга олинмади. Агар ушбу модданинг биринчи қисми бўлганида эди, ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш қийинроқ кечарди. Шунинг учун ҳибсга олиш учун сунъий равишда 2-қисм танланди», — деган у.
Адвокатнинг қайд этишича, Отабек Сатторий ўзига қўйилган айбловларни мутлақо тан олмаслигини билдирган.
«Бу ерда зарарни қоплаш тўғрисида гап кетмоқда. Агар Отабек блогер эмас, оддий фуқаро бўлганида эди, амалиётда кўрамизки, жиноий иш қўзғатилмас эди. Бу фуқаролик-ҳуқуқий масала деб ҳисобланарди.
Телефонга келсак, бозорни суратга олаётганда, телефон ундан тортиб олинган, кейин бузилган. Отабек Шеробод тумани ҳокимига телефонининг шикастлангани тўғрисида мурожаат қилган. Унга муаммони ҳал қилишга ваъда беришган.
Шантаж ҳақида гапириляпти, лекин аслида шантаж ҳақида ҳеч қандай материал йўқ. У тасвирга олган видеони ўчириб ташлашган бўлса, ижтимоий тармоқларга нимани жойлаштириши мумкин?» – дея маълум қилди у.
Шавкат Шокиров ушбу воқеадан бир ой ўтгандан кейин улар Сатторийни маъмурий иш доирасида 15 сутка қамоққа олишга ҳаракат қилишганини таъкидлади.
«Бу ўхшамаганидан кейин, улар бир куннинг ичида бир ой аввал бўлган воқеа асосидаги аризани олишади. Отабекка телефонни қайтариб беришни хоҳлашларини айтишади. Берилаётган пайтида у ҳибсга олинади ва товламачиликда айбланади», – дейди адвокат.
Унинг сўзларига кўра, тергов органи ҳалигача унинг айбини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилни тақдим этмаган.
10 февраль оқшомга яқин Ички ишлар вазирлиги расмий мурожаат билан чиқиш қилди.
Вазирлик мурожаатида ижтимоий тармоқ фаолларидан «давлат идораларининг ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш»дан тийилишга чақирди.
«Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради», – дея огоҳлантирди ИИВ.
Тасодифий хабарлар
Гулнора Каримованинг Британиядаги 3 та мулки мусодара қилинди
Европадаги жазирама Гренландия музликларини эритиб юбориши мумкин
Эски спорт машинаси 2,53 миллион долларга сотилди
Фаластин президенти ҲАМАС етакчисининг ўлдирилишини қоралади ва бирдамликка чақирди
«Ўзметкомбинат» бошқаруви раиси вафот этди