Россия Ўзбекистонга кунгабоқар ёғи, қандолат маҳсулотлари ва буғдой экспортини оширишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин Самарқандда Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учинчи йиғилишида айтиб ўтди.
“Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз”, дейди Россия Ҳукумати раиси.
Унинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь – октябрь ойларида ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ошган ва бир ярим миллиард долларга яқинлашган.
“Россия кунгабоқар ёғи, қандолат маҳсулотлари, буғдой экспортини кўпайтиришга тайёр, бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам таклифлар бор”, дейди Бош вазир.
Шунингдек, у Россия ва Ўзбекистон ўз мақсадига – ўзаро товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказишга эриша олишига ишонч билдирмоқда.
“Ишончим комилки, биз буни уддалай оламиз. Бу улуғвор мақсадга эришиш учун янги туртки бериш, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланадиган асосий йўналишларда барча мавжуд ресурслардан фойдаланиш зарур”, дейди Мишустин.
Унга кўра, Ўзбекистон Россиянинг азалий ва ишончли ҳамкори, иттифоқчиси. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланади ва дунёда ривожланаётган вазиятга боғлиқ эмас.
Тор доирадаги учрашувда Мишустин томонлар икки томонлама кун тартибидаги муҳим масалаларни кўриб чиққанини, улар узоқ муддатга мўлжалланган параметрларни белгилаб берганини маълум қилди.
“Биз барчамиз Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканлигимизга яна бир бор амин бўлдим”, дейди у.
Кенгайтирилган таркибдаги учрашувда Россия Федерацияси ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ошириш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинади.
“Биз қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-енергетика комплекси, тиббиёт ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз”, дейди Россия ҳукумати раҳбари.
Тасодифий хабарлар
«Манчестер Сити» Мессининг тақдимот маросимига тайёрланмоқда
Расул Кушербаев: "Афсуски, бу нарсалар фақат қоғозда ва тилда қолиб кетяпти" (ВИДЕО)
Davlat boshqaruvi akademiyasi dekani Otabek Hasanov: Agar jamiyatda yana shunday hokim o‘rinbosari chiqsa, bizga qiyin bo‘ladi
АҚШда ёлғон баёнот берган ўзбекистонлик қамалди
Ҳокимлар маҳаллий бюджетни қандай сарфлагани ташқи аудитдан ўтказилади