“... лекин айнан журналистлар, блогерлар кўпчиликни қийнаётган жиддий муаммолар ҳақида бизни огоҳлантиряпти” Президент журналист ва блогерлар ҳақида

“... лекин айнан журналистлар, блогерлар кўпчиликни қийнаётган жиддий муаммолар ҳақида бизни огоҳлантиряпти” Президент журналист ва блогерлар ҳақида

Кеча, 15 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳокимлар, фаоллар ва ёшлар билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари учрашувда Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатига оид масалалари ва оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақида гапирди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берган.

“Оммавий ахборот воситалари очиқлиги бўйича танлаган йўлимиз, сўз эркинлиги бўйича сиёсатимиздан орқага қайтмаймиз. Бу албатта айримларга ёқмайди. Лекин айнан журналистлар, блогерлар жамиятимизда кўпчиликни қийнаётган жиддий муаммолар ҳақида бизни огоҳлантиряпти”, деган Шавкат Мирзиёев.

Тадбир давомида Юнусобод тумани фаолларидан бири томонидан ажримларни камайтириш мақсадида турмушнинг дастлабки йилларида ажрашишни қонун йўли билан тақиқлаш, шунингдек, телеканалларда намойиш этилаётган дастурлардан бирида қизларнинг ўзларини йигитларга тавсия қилиши кўрсатиладиган дастурни тўхтатиш таклифига давлат раҳбари батафсил жавоб қайтарди.

“Албатта, сизни тўғри тушуняпман, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шу таклифларни айтяпсиз. Аммо ажримларни қонун йўли билан тўхтатишга уринсак, инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқади. Енгил-елпи теледастурларга келсак, уларни тўхтатиб ташлаш мумкин, лекин бу цензура дея баҳоланмайдими? Унинг ўрнига қандай кўрсатув яратилади? Нафақат нодавлат, балки давлат телеканалларида ҳам савиясиз дастурларга кўзим тушади. Биз уларни бутунлай тўхтатиш ҳақида эмас, савиясини ошириш ҳақида ўйлашимиз лозим”, деган президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масалаларига ҳам тўхталди.

“Қўшниларимиз билан албатта яхши муносабатда бўлишимиз лозим. Қатор давлатлар раҳбарлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибман. Чунки дўстлик ҳар тарафлама фойдали. Биз океанлар бўйида эмасмиз, бозор топиш, иқтисодни ривожлантириш бўйича энг жиддий муаммолардан бири – йўл. Афғонистон орқали Покистонга чиқадиган темирйўл лойиҳасини имзоладик. Бу бизга улкан имкониятлар беради”, деди президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги қулаб тушган бино воқеасига масъул бўлган мансабдорларга, албатта, қонуний чора кўрилиши лозимлигини қайд этди. Бу бўйича бош прокурорга назоратга олиш топшириғи берилди.

“Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бизнинг сиёсатимизга хиёнат қилган. Буни ҳамма билиши лозим. Унинг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди”, деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. ФВВ ва Бош прокуратуранинг қайд этишича, воқеа оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган фуқаролар бўлмаган.

Маълум қилинишича, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Ҳалокатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилган.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

×