Бу йил 1-курс талабалари ҳам масофавий ўқийди

Бу йил 1-курс талабалари ҳам масофавий ўқийди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида 1-курс талабалари учун дарслар бошланадими, деган саволга аниқлик киритилди.

Вазирликнинг бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг маълум қилишича, талабаларнинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштириб бўлингач, 12 октябрдан бошлаб 1-курсталабалари учун ўз ҳудудларида танишув дарслари ташкил этилади. Айни жараён ҳафтасига 3 кундан 2 ҳафта давом этади. Бунда талабаларнинг 50 фоиздан ортиғи аудиторияга киритилмайди ва 2 парадан ортиқ бўлмаган дарслар ташкил этилади. Ҳар парада 10 дақиқадан танаффус берилади.

Мисол учун, Тошкент давлат техника университетига Самарқанд вилоятидан ўқишга кирган талабалар учун Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларидан бирида дарслар ташкил этилади. Унда пойтахтдан профессор-ўқитувчилар бориб, танишув дарсларини ўтади.

Бунда талабаларга олий таълим муассасаси ҳақида маълумот берилиб, дарс жадвали, кимлар дарс бериши, тўлов-шартнома, масофавий таълимнинг олиб борилиши каби масалаларга ойдинлик киритилади.

1-курс талабалари ҳам масофавий ўқийди.

Баъзи олий таълим муассасаларининг платформаси ишламаяпти. Талабалар дарс тайёрлашда турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Талабалар нима қилиши керак?

Матбуот анжуманида А.Холиқов бу ҳақда ҳам маълумот берди.

Олий таълим муассасалари платформаси ташкил этилган. Лекин бугунги кунда олис ҳудудлар, интернет тезлиги яхши бўлмаган ҳудудлар бор. Айни жойларнинг туман марказларида компьютер синфлари ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда талабалар барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, битирувчи курсларнинг амалиёт ўташи қандай бўлади?

Мутахассиснинг фикрича, битирувчи курслар, магистратура юқори курс талабаларининг бир жойга бориб амалиёт ўташи бугунги кунда баҳсли масала. Агар педагогика йўналишида ўқиётган талаба мактабларга бориб амалиёт ўташи керак бўлса, мактабда ўқувчилар саломатлигини хавф остига қўйиши мумкин. Айни жараёнда амалиёт ўташ керак бўлган касб йўналишлари юзасидан вазирлик томонидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Анъанавий ўқиш бошланадими? Маълумотга кўра, узоқ ҳудудлардан ОТМга келиб ўқийдиган талабалар ётоқхонада туришга эҳтиёжи бор. Бу эса эпидемиологик ҳолат юзасидан мумкин эмас. Шу боис ҳам айни вақтда масофавий ўқитиш ишлари давом эттирилади.

Матбуот анжуманида шунингдек, ўқишни кўчириш бўйича ҳам маълумот берилди.

Қайд этилишича, ўқишни кўчиришда 5 минг талабгор синовлардан ўта олган.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2020/2021 ўқув йилида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича 12 минг нафардан ортиқ талаба ариза билан мурожаат қилган.

Онлайн тест синовлари 5-6 сентябрь кунлари республиканинг 13 та ҳудудидаги 19 та олий таълим муассасасида ташкил этилди. Имтиҳонларда 10 минг нафардан ортиқроқ талаба иштирок этди. Шундан 5 мингдан ортиқ талаба онлайн тест синовларида тўплаган балига кўра ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат этилди.

Ўтказилган онлайн тест синовлари якунига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йили учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўтиш бали 56,7 этиб белгиланди. Тасарруфида олий таълим муассасаси мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан янги ўқув йили учун ўтиш баллари белгиланди. Шу вақтгача 5 мингдан ортиқ талабгорнинг ўқишни кўчириши ижобий ҳал этилди.

Ҳозирги кундаги пандемия ҳолатлари, карантин чекловлари сабабли белгиланган муддатларда махсус синовларда иштирок этиш учун хорижий давлатлардан етиб келолмаган талабалар учун 2020 йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида онлайн тест синовлари ўтказилади. Тест синовларида белгиланган муддатларда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтган, бироқ жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари ўтказиладиган синовларда иштирок эта олмаган фуқароларгина иштирок этади.

×