Россияда нолегал бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтиш ва рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугашидан қатъи назар мамлакатда бўлишни қонунийлаштириши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Бунинг учун миграция нормларини бузган ўзбекистонликлар 2020 йилнинг 15 декабригача яшаш манзили бўйича Россия ИИВ органларига мурожаат қилишлари лозим. Уларга нисбатан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш, илгари берилган вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома, ишлаш учун рухсатнома ва патентни бекор қилиш, шунингдек, Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилмайди. Шундан сўнг фуқаролар яна яшаш манзили бўйича миграция рўйхатидан ўтишлари ва меҳнат патентларини олишлари мумкин.
«Шу муносабат билан Россия ҳудудида нолегал ҳолатда бўлган Ўзбекистон фуқароларини берилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, мамлакатда бўлишини қонунийлаштиришга чақирамиз», — дея Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам ўзбекистонликларни юқоридагиларни амал оширишга чақирган.
Ушбу қарор Ўзбекистон бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддиновнинг Россия ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги А.Горов билан учрашувида маълум қилинган. Учрашувда Россия президентининг амал қилиш муддати узайтирилиши режалаштирилаётган 2020 йил 18 апрелдаги «Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони муҳокама қилинган.
Миграция режимини енгиллаштириш коронавирус тарқалиши туфайли Россия чегаралари ёпилиши фонида қабул қилинганди. Россия 18 мартдан бошлаб чет элликларнинг мамлакатга киришини тақиқлади, Ўзбекистон эса 16 мартдан бошлаб мамлакатга кириш ва чиқишни ёпганди.
Бу кўплаб мигрантларнинг легаллик мақомини хавф остига қўйди. Ҳужжатларни янгилаш учун одатдаги вазиятда улар Россияни тарк этишлари керак эди, аммо чегаралар ёпилгандан кейин бунинг имкони бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш бўйича чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 16—29 сентябрь кунлари Россияда бўлади.
Аввалроқ Россиядаги чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида бутунлай янги федерал қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, унда кўплаб ўзгаришлар киритилгани хабар берилган эди. Хусусан, Россияда 30 суткадан ортиқ вақт давомида бўладиган мигрантларга бармоқ изларини топшириш, суратга тушиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва ИД-карталар олиш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда.
Тасодифий хабарлар
«Ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради!» – Президент
Коронавирусдан вафот этган бемор ҳақида маълумот берилди, у Тошкентлик бўлган
Наманганда фермер хўжалиги директори ва унинг ишчиларини калтаклаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилди
Наманганда 4 балли ер қимирлаши ҳолати кузатилди
Наманганлик 60 ёшли онахон шаҳардаги дўконга ўғирликка кирди